Жамият | 16:44 / 02.08.2023
16036
4 дақиқада ўқилади

«Бекатлар аввало одамларга қулай бўлиши керак» — пойтахтдаги бекатлар талабга жавоб берадими? (сўровнома)

Cўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси ҳам аномал иссиқ об-ҳаво билан юзлашмоқда. Табиийки, бундай иссиқ жамоат транспорти фойдаланувчиларига ноқулайлик туғдиради, айниқса, бекатларда автобус кутиш осон эмас. Ҳозирги бекатлар талабларга жавоб берадими? Kun.uz мавзу юзасидан Тошкент шаҳрида аҳоли фикри билан қизиқиб, сўровнома ўтказди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Респондентлардан бирининг фикрига кўра, пойтахтдаги бекатлар иссиқ бўлгани сабабли уларнинг ичига кириб бўлмайди. Шунинг учун йўловчилар ташқарида дарахтлар соясида автобусларни кутади. Жуда кам бекатларда кондиционерлар бор, борларида ҳам айримлари ишламайди. Баъзи жойларда ҳатто бекатнинг ўзи йўқ. 

«Кўп жойларда «скамейка»лар бўлмайди, олиб ташлашган. Иссиқда одамларга қийин, халққа шароит яратилмаган», дейди йўловчилардан бири.

Яна бири: «Ҳозир тепамиз соя бўлиб турибди, шунга ҳам шукур қилиб турибмиз. Қари одамлар, ёш-яланглар, чақалоқлилар бор. Улар бу иссиқда жуда қийналади», дейди.

«Бундай 40-45 градусли иссиқда бекатлар усти ёпиқ, ёни берк, олдида «навес»и бўлиши керак», дейди яна бир йўловчи.

Айримлар кутиш жойларида ўриндиқлар етишмаслиги, кўпчилик тик ҳолатда кутишини айтишди.

Шунингдек, респондентлар бекатларда тозалик талабга жавоб бермаслиги, чиқиндилар кўп тўпланиши, атрофда сочилиб ётишини билдирди. Ногиронлиги бор инсонларга шароитлар йўқ, одамларнинг ўзлари уларга ёрдам беради.

Бундан ташқари, одамларнинг кўпчилиги кутиш жойларини тадбиркорлар эгаллаб олиб, дўконлар, овқатланиш жойлари қилиб олганидан ҳам норози. Бу ҳолат эрталабки вақтларда бекатлар қулф бўлиб, ичкарига киролмаслигига сабаб бўляпти. Айниқса, ёғингарчилик пайтларида инсонлар ташқарида қолиб, жуда қийналишини айтди. 

«Бекатлар ичида дўконлар бор. Уларни ён томонга чиқаришса бўларди. Эшикларни қулфлаб кетишади. Ҳеч ким кира олмайди. То эрталаб соат 9-10 эшикни очгандан кейин ичкарига киришади», дейди ҳар куни бекатлардан фойдаланадиган йўловчи.

Сўровномада бекатлар талабга жавоб беради деганлар ҳам бор. Уларга кўра, автобусларни кутишда ҳеч қандай қийинчилик йўқ.

Шаҳарсоз-архитектор Искандар Солиев сўзларига кўра, бекатлар бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

«Биринчидан, меъёрларга тўғри келмайди. Баландлиги, лотоклар нотўғри қўйилгани, автобусларга ўтиш қисми камлиги каби муаммолар.

Иккинчидан, автобуслар йўл четида тўхтай олиши керак, ичкарига кириб ётиши керакмас. Замонавий шаҳарсозликда шулар ҳам эътиборга олинади. 

Учинчидан, бекатларда дўконлар, ҳар хил хизмат кўрсатишлар бўлмаслиги керак, бу омил автомобилларнинг ҳам шу жойга тўхташига сабаб бўлади. Йўловчи бўлмаганлар ҳам бекатни эгаллаб олади, бу эса ноқулайлик туғдиради. 

Бундан ташқари, бекат ойналарига рекламалар ёпиштирилади, натижада ўтирган одам автобусни кўра олмайди. Бекатда ўтирган одам кераклича информация олиши керак ўтирган жойида, жадваллар, автобус йўл хариталари қўйилиши керак. Бизда бекатлар ёпиқ хоналардан иборат бўлиши керак деган тушунча ҳам бор. Аслида очиқ бўлиши керак. Қуёш ҳаракат йўналишини ҳисобга олиб зонтлар ва тентлар ҳам бекатлар атрофига ўрнатса бўлади», дейди Солиев.

Мавзуга оид