Ўзбекистон | 07:46 / 07.04.2022
19314
8 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат қарори ҳам ёрдам беролмаяпти» — 3 йилдан буён суд остоналарида сарсон тадбиркор

2017 йилда Зангиота туманида 6 миллион долларлик мебел ишлаб чиқариш фабрикасини қурган тадбиркор 3 йилдан буён судларда сарсон бўлмоқда. Ҳукумат қарори асосида ер олиб иш бошлаган «IDOL MEBEL» МЧЖ ерларини Зангиота туман ҳокими бошқаларга «бўлиб берган». Айни вақтда иш Олий судда кўриляпти.

«IDOL MEBEL» МЧЖ корхонасига 2017 йилдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори, 2018 йилдаги ҳукумат мажлиси баённомаси ҳамда 2018 йил август ойидаги Тошкент вилояти ва Зангиота тумани ҳокимликлари қарорлари билан мебел ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун 13,9 гектар ер майдонлари ажратиб берилган.

Баённома ва қарорлар

Тадбиркор ер майдонларини ободонлаштириб, ернинг бир қисми тоифасини ўзгартириш учун бюджетга 208 миллион cўм тўлов қилади. Шунингдек, ернинг бир қисмида 6 миллион долларга яқин маблағ сарфлаб, йирик завод қуради. Ҳамма машмашалар қуриб битказилган биноларга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш учун мурожаат қилингач бошланган.

Дастлаб Тошкент вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими Ғуломжон Ибрагимов тадбиркорга ер ажратишни тасдиқлаш ҳақидаги ўзининг қарори (!) ҳокимликда рўйхатдан ўтмай қолган (!), деган важ билан 2019 йил 30 март куни «Зангиота тумани ҳокимининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги 242-сонли бошқа қарор чиқаради. Ушбу 242-сонли қарор асосида Зангиота тумани ҳокимининг «IDOL MEBEL» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги қарори ҳам бекор бўлади.

2019 йил июн ойида Ғуломжон Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

Шундан сўнг 2019 йил июль ойида «IDOL MEBEL» МЧЖ вилоят ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилишни сўраб Нурафшон шаҳар маъмурий судига мурожаат қилади. Судга мурожаат қилингач, шахсан Зангиота туман ҳокими Абдуваҳоб Тамикаев тадбиркорга аризасини қайтариб олишни, ерга эгалик тўғрисидаги қарор чиқариб берилишини айтиб, мурожаат қилади.

Абдуваҳоб Тамикаев, Зангиота туман ҳокими. Фото: Зангиота туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳокимнинг ваъдаларига ишонган тадбиркор суддан даъвосини қайтариб олади. Лекин орадан бир ярим йилга яқин вақт ўтишига қарамай тадбиркорга мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжат берилмайди.

2019 йилнинг иккинчи ярмига келиб, Зангиота тумани ҳокими ҳукумат қарори асосида «IDOL MEBEL»га ажратилган 13 гектардан ортиқ ерларни бошқа 4 та фирмага «бўлиб беради».

Қизиқ тарафи, «IDOL MEBEL» жуда катта бюрократик процедуралар билан олган ерларнинг 4,5 гектарини туман ҳокими ташкил қилинганига 8 кун бўлган «Future Land» МЧЖга бериб юборган.

Future Land ва қарор

Шундан сўнг тадбиркор яна судга мурожаат қилади. Ўрта Чирчиқ туман Маъмурий суди 2020 йил 6 август куни иш аввал томонлар мурожаати асосида тугатилгани сабабли иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқаради.

Сўнг тадбиркор Тошкент вилояти маъмурий судига аппеляция шикояти киритади. Вилоят маъмурий суди 2020 йил 22 сентябрь куни Ўрта Чирчиқ туман Маъмурий суди ажримини бекор қилиб, ишни биринчи инстанцияга қайтаради.

2020 йил 24 декабрь куни Ўрта Чирчиқ туман Маъмурий судида кўриб чиқилган ишда Тошкент вилояти ҳокимининг низоли 242-сонли қарорини қабул қилишда «аризачининг манфаатлари ва қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари поймол қилинган», деб топилади ҳамда ушбу қарор бекор қилинади.

Шу билан ҳаммаси тамом, деб ўйлаган тадбиркорнинг ишига энди Тошкент вилояти прокуратураси аралашади.

Вилоят прокуратурасининг апелляция протести билан иш Тошкент вилоят маъмурий судида кўрилди. 2021 йил 26 май куни вилоят маъмурий суди Ўрта Чирчиқ туман Маъмурий судининг қарорини ўз кучида қолдириб, ишни мазмунан кўриб чиқиш учун яна биринчи инстанцияга юборади.

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан бир вақтнинг ўзида келтирилган кассация протести асосида иш Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳам кўриб чиқилади. Олий суд 2021 йил 23 июндаги ажрими билан Тошкент вилоят маъмурий судининг 2021 йил 26 майдаги қарорини ўзгаришсиз, вилоят прокурорининг кассация протестини эса қаноатлантирмасдан қолдиради. Яъни юқори турувчи судлар қарори билан иш яна биринчи инстанцияга қайтади.

Лекин бу сафар иш Тошкент шаҳрига ўтади. Даъвогарлар қаторига Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам қўшилиб қолади.

Бунга сабаб Зангиота туманининг «IDOL MEBEL» МЧЖ жойлашган ҳудудлари 2020 йил 11 сентябрда пойтахтнинг янги ташкил қилинган Янги ҳаёт тумани ҳудудига қўшилиб кетгани билан изоҳланади.

Шундан сўнг иш Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилади. 2021 йил 15 октябрь куни суд аризачи даъво муддатини узрли сабабларсиз ўтказиб юборгани важи билан шикоятни қаноатлантиришни рад қилади. Шу билан Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 30 мартдаги 242-сонли қарори ўз кучида қолади. Қайд этиш лозимки, Тошкент туманлараро маъмурий суди Ўрта Чирчиқ туман Маъмурий суди томонидан ўтказиб юборилган даъво муддати тикланганини ҳисобга олмайди.

Шундан сўнг тадбиркор Тошкент шаҳар Маъмурий судига апелляция шикояти киритади. 2022 йил 26 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида пойтахт апелляция инстанцияси, худди шу важ билан Тошкент туманлараро маъмурий суди қарорини ўзгаришсиз қолдиради.

“Вазирлар Маҳкамасининг қарорига, ер майдонига эгаликка доир гувоҳнома ва кадастр ҳужжатларига ишониб шунча катта объект қурдим. Ахир ким ҳам ҳукумат қарори билан ажратилган ерларни туман ҳокими олиб қўйишини ўйлабди дейсиз.

Равшан Самиков – «IDOL MEBEL» МЧЖ директори. Фото: Kun.uz

Суд идораларининг мазкур адолатсиз қарорлари оқибатида, «IDOL MEBEL» МЧЖ фаолиятини тўхтатиш арафасида турибди. Натижада давлат бюджетига тўлаб келинаётган солиқлар камайиши ва корхонада фаолият кўрсатиб келаётган қарийб 150 нафар ишчи ва хизматчилар иш жойини йўқотиши мумкин. Ҳозиргача 8 та суд процесси бўлиб ўтди, айни вақтда Олий судда тўққизинчиси бўляпти. Олий суд адолатни тиклашга ёрдам беради, деб умид қиламиз”, – дейди «IDOL MEBEL» МЧЖ директори Равшан Самиков.

«IDOL MEBEL» мебел ишлаб чиқариш фабрикаси. Фото: Kun.uz
«IDOL MEBEL» мебел ишлаб чиқариш фабрикаси. Фото: Kun.uz

Ишни ўрганиш давомида ҳатто суд мажлисларида ҳам қатнашмаётган Зангиота тумани ҳокимлигига ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун бордик. Лекин ҳокимликда матбуот хизмати вакант экани айтилди, ҳокимлик бошқа расмийлари эса ҳолатга изоҳ беролмаслигини маълум қилди.

Зангиота тумани ҳокимлиги. Фото: Kun.uz

Дарвоқе, бу Зангиота тумани ҳокимлиги мансабдорларининг ер олди-бердисида ягона муаммоли ҳолат эмас. Масалан, бир неча кун аввал туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси билан айблов эълон қилиниб, қидирув эълон қилингани хабар берилган эди.

Шунингдек, кеча 6 апрел куни тадбиркордан 15 минг доллардан ортиқ пора олган Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А.лар ҳам қўлга олинди.

Айни вақтда «IDOL MEBEL» МЧЖ Олий судга кассация шикоятини киритган. Жорий йил 1 апрель куни Олий суд маъмурий судлов ҳайъатида дастлабки суд мажлиси бўлиб ўтди. Судга аризачи ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларидан бошқа томонлар келмагани туфайли суд мажлиси 11 апрел санасига қолдирилди.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид