“5 тонна хурмо майизини экспорт қилдик” — наманганлик тадбиркор йигит
Ўзбекистонда хурмо пишган пайтларда уни узоқ вақт сақлашнинг иложи йўқлиги учун анча арзонга сотилади. Баъзан фойда кўролмаган боғбонлар мева дарахтларини кесиб ташлашга мажбур бўлишади. Чустлик Акмал Суюнов арзон хурмодан майиз қилиб, бир неча баробар қимматроққа сотишни йўлга қўйган.

Акмал Суюнов Чуст тумани Каркидон шаҳарчасида яшайди. У хурмодан майиз тайёрлаб, мевани кўпроқ муддат сақлаб туриш йўлини топган.
Бунинг учун хурмо махсус дастгоҳда пўстлоғидан ажратилади. Ва очиқ ҳавода қуритилади. Хорижда бундай хурмо майизлари юқори нархга баҳоланади.
Бу фикр унда, Акмалнинг айтишича, Жанубий Кореяда яшаганида пайдо бўлган.
“Супермаркетда хурмо майизини кўриб қолганман. У қиммат, мазаси ширин эди. Наҳотки хурмодан шундай майиз тайёрланса, деб ҳайратланганман ва Ўзбекистонга қайтгач, бу ердаги хурмоларни шундай қуритиб, майиз қилишни ўйлаганман”, – дейди у.
Акмал Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Ёшлар академияси” томонидан эълон қилинган “Бўлажак олим” танловида қатнашади ва 335 миллион сўмлик грантни қўлга киритиб, ўз ишини бошлайди. Унинг лойиҳаси – хурмо мевасини пўстидан ажратиб, ипга илиб, кузги офтоб тафтида қуритиш бўлган.
Акмалнинг айтишича, Ўзбекистонда боғбонлар хурмони жуда арзон сотишга мажбур бўлишади, шу сабаб кўплаб хурмо дарахтлари кесиб ташланган.
"Чунки хурмони узоқ вақт асрашнинг иложи йўқ. Лекин бизнинг лойиҳамиз билан мевани сақлаш муддатини узайтириб, бир неча баробар қимматроққа сотишимиз мумкин", – дейди лойиҳа муаллифи.
Тадбиркор йигит мевани пўстлоғидан ажратиб берувчи дастгоҳ тайёрлаган. У 1 дона мевани 3 сонияда пўстидан ажратиб беради. Дастгоҳда олма, картошка ва қизил лавлагини ҳам пўстидан ажратиш мумкин. Кўпроқ миқдорда қизил лавлаги, картошкани қуритиб, чипс қилиш мумкин бўлган жойларда фойдаланса бўлади.
Ҳозир унинг цехида 7та шундай дастгоҳ бор ва 20га яқин мавсумий ишчи ишлайди.
“Хурмони октябр ойларида териб, арчиб илиб қўйгандан кейин, кузги об-ҳавонинг кайфиятига қараб қуёш кўпроқ чиқса, 30-40 кунларда қуритиб, бемалол музлатгичга олиб қўйса бўлади", – дейди у.
Тадбиркор 2021 йил 18 тонна хурмони қуритиб, ундан 5 тонна хурмо майизи олиб, Сибирга экспорт қилганини айтади. Хурмо майизининг маҳаллий бозорлардаги нархи 25-30 мингга тўғри келади.
Хурмонинг асосий хусусиятларидан бири – йодга бойлиги. Бу Шарқий Осиё давлатларида жуда қимматбаҳо ҳисобланади. Яъни бир дона хурмо майизи катталигига қараб 1-2 долларгача сотилади.
“Хурмонинг устидаги оқ модда, – дейди ишлаб чиқарувчи, – меванинг шакари. Яъни ичидаги фруктоза моддаси устига пўртана бўлиб чиқади ва қиш ойларида, совуқ об-ҳавода кристалл бўлиб қолади”.
Акмал Ўзбекистонда хурмо арзонлиги ва кўплиги сабаб уни исроф қилмай, деҳқонлар кўпроқ фойда олишини хоҳлайди.
“Озарбойжонда “Бал Ҳурма” деган катта фирма бор. Ўзбекистонда ҳам шу каби фирмаларга рақобатбардош мева майизини етиштирадиган заводларга асос солинишини хоҳлайман”, – дейди Акмал.
Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид

12:26 / 02.05.2025
Ўзбекистон маҳсулотлари экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди

10:24 / 22.04.2025
Ўзбекистондан Буюк Британияга ўрик данаги мағзи экспорти йўлга қўйилди

16:07 / 18.04.2025
1 июлдан бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди

14:56 / 01.04.2025