Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошлоқдаги хонадонда боқилаётган, хориждан келтирилган узунқулоқ наслли эчкилар
Фарғона вилояти Тошлоқ туманининг Ҳамрак маҳалласида яшовчи Хайрулло Акрамов бир муддат Жанубий Кореяда муҳожирликда яшаган. Корейслар боқаётган зотдор эчкиларни кўриб ҳайратланган Хайрулло ака Ўзбекистонга қайтгач эчкичилик билан шуғулланишни дилига тугади.

Мана, Хайрулло ака айни пайтда ўз хонадонида хориждан келтирилган зотдор эчкиларни парваришлаб, аҳолини қишин-ёзин шифобахш сут-қатиқ билан таъминлаяпти.
«Ўзбекистонга қайтганимдан кейин 2010 йилдан бери мана шу уйимда эчкичилик билан шуғулланяпман.
Уйимизда ҳозирда наслли эчкининг 4-5 хил тури бор. Англонобинский, рус эчкиси, Зарин эчки, Алпинский, Такумбурский каби эчкиларимиз яхши насл бераётган зотлардир.
Эчкилар наслига қараб, ҳар хил миқдорда сут беради. Рус эчкилари бир кунда 2 литрдан 5 литргача сут беради. Хўжалигимиздаги эчкиларимиз «рекордчилари» 7-8 литргача сут беради», – дейди Хайрулло ака.
Ем-хашак, озуқа муаммоси сабаб ҳозирда хўжаликда мўлжалдагидан бироз камроқ — 25 бош эчки парвариш қилинмоқда.
«Қиш кунида эчкиларимизни камайтириб турибмиз. Одатда бошқа фаслларда 50-60 бош эчки боқамиз. Эчкилар орасида Испаниядан келтирилгани ҳам бор. Қўйларимиз ҳам Испаниядан кириб келди. Қолган эчкилар Россиядан келган. Улар янги насллар ҳисобланади», – дейди у.
Парвариш қилинаётган эчкиларнинг маҳаллий эчкилардан фарқи борасида тўхталар экан, фермер хориждан келтирилган зотдор эчкилар сутида ёғлилик даражаси 3-4 баробар юқори эканини қайд этди.
«Чет эчкилари сутининг ёғлилик даражаси 3-4 баробар кучли. Сут таркиби ўрганилганда унда протеин миқдори 4,5 фоизгача боради. Бу сут ёғли ва мазали бўлади, деганидир. Ёғлилик даражаси ниҳоятда кучли. Шуниси билан фарқ қилади.
Бундан ташқари, эчкиларнинг тузилиши ҳам, ранглари ҳам турфа хил. Бутун Европа мана шундай насл тарқатяпти. Айнан мана шу наслдан бола оляпти. Биз ҳам шуни ҳавас қилиб бошлаганмиз», – дейди у.
Хайрулло ака наслли эчкиларнинг ҳар бир бошини 500 доллардан бир ярим минг долларгача сотиб олар экан.
«Эчкилар ҳозирда асосан Россия, Қирғизистондан келтириляпти. Улар зотига қараб 500 доллардан 1 ярим минг долларгача бўлган нархда келяпти. Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган эчки зотининг нархи 1 ярим минг долларгача туради. Турган жойда шундай нархда белгиланади», – дейди у.
Ҳозирда бу хонадонда 5 хил турдаги эчки парвариш қилиняпти. Соғиб олинган сутнинг литри 15 мингдан 20 минг сўмгача сотилар экан.
«Эчки сутлари литри 15-20 минггача сотиляпти. Хўжалигимизда етиштирилган сутларни асосан бемор мижозларга арзонроқ сотамиз. Ёз кунида сутимиз кўпайиб кетади. Ачиб қолмаслиги учун арзон сотамиз», – дейди Хайрулло Акрамов биз билан суҳбатда.
Ҳозирча маҳаллий аҳоли эчки гўшти истеъмолига кўп ҳам кўникмаган. Шу сабабли фақат унинг сути сотувга чиқарилмоқда.
«Эчки гўштига одамларнинг иммунитети ўрганмаган. Ўзим кўрганим – Корея Республикасида супермаркетларга кирсангиз, у ерда албатта эчки гўшти ҳам бўлади. Эчки гўштини мақтаб истеъмол қилишади. Эчки гўштидан таом тайёрланадиган махсус ошхоналар ҳам бор. Ошхоналарида эчки гўштидан тайёрланган егуликлар сотилади», — дейди Хайрулло ака.
Албатта, хонаки чорвачиликнинг янги соҳаси энди-энди оммалашмоқда. Эчкининг нафақат сути, гўшти, жуни, терисидан ҳам даромад топиш мумкин. Фермер келгусида бу йўналишларда ҳам тадбиркорликни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид

12:14 / 22.07.2025
Фарғона вилоятида "Нексия-3" жарликка ағдарилиб кетди, 18 ёшли бола ҳалок бўлди

13:34 / 05.07.2025
Фарғонадаги Malibu иши: ҳайдовчи вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг турмуш ўртоғи экани маълум бўлди

14:39 / 26.06.2025
Фарғонада фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди

16:36 / 17.06.2025