“Яхши кийинишни эмас, яхши ўқишни мақсад қилайлик” — IELTS'дан 8,5 олган 16 ёшли Маҳфуза
Илм олаётган, ўз интилиши билан ютуқларга эришаётган ҳар бир қиз – нафақат ўзини, балки юртнинг эртаси учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратяпти. Қизларнинг илмга чанқоқ ва шижоатли бўлиши улар келажакда тарбиялайдиган фарзандларнинг ҳам илмли, қатъиятли бўлишида ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Kun.uz ёшларни руҳлантириш мақсадида шижоатли ва турли соҳаларда ўз ўрнини топган қизлар ҳақида “Микрофон – қизларда” рукнини йўлга қўймоқда. Биринчи суҳбатдошимиз – дастлабки уринишдаёқ IELTS имтиҳонидан 8,5 балл олган 16 ёшли Маҳфуза Султонова.

Маҳфуза – Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 9-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У IELTS'дан 8,5 балл олиб, мактабни битирмасидан олдин кейинги муваффақиятлари учун катта замин яратди: Маҳфуза энди нуфузли хорижий ОТМларга кириш учун ҳаракат қиляпти.
“Ўзим тушунмаган тилга меҳр қўйгандим”
— 2-синфда ўқиётган пайтим Самарқанд шаҳрига саёҳатга боргандик. Ўшанда хорижлик бир инсон билан ўзбек қизи инглиз тилида равон гаплашаётганини кўриб қолганман. Улар гаплашаётган тил шунчалик ёққанки, мен ҳам шу тилни, албатта ўрганаман, деб мақсад қилганман.
6-синфлигимда Бекободдаги ўқув марказларидан бирига инглиз тили ўрганиш учун бора бошладим ва мен кичиклигимда эшитган суҳбат инглиз тилида бўлганини билдим. Шу тилни яхшилаб ўрганаман деб мақсад қўйганим учун ҳам бор кучим билан ўрганишга ҳаракат қила бошладим.
Лекин баъзи сабаблар билан 1,5 йилдан кейин инглиз тилини тўхтатиб қўйдим. 10-синфдан инглиз тили ўқиш учун муҳим эканини тушуниб, яна ўрганишни бошлаб юбордим ва 2 йилча доимий равишда шуғулландим.
“Оилам доим қўллаб-қувватлайди”
— Оиламизда таълимга эътибор ҳар доим кучли бўлган. Дадам “Агар кийим сотиб олишингга пул топиб бера олмасам ҳам, китоб учун, албатта, топаман”, деб доим қўллаб-қувватлайди.
Янги кийим киявермасак ҳам, лекин уйдагилар доим ўқишимизга пул топишган. “Сен китоб ўқийман десанг, қарзга бўлса ҳам олиб бераман” деган мотивацияни доим эшитаман. Дадам ўзи олий маълумот ола олмаган. Шунинг учун ҳам бизнинг ўқишимизни қаттиқ хоҳлайди. Унинг орзусини мен амалга оширишим керак, деган масъулиятни ҳис қиламан.
Акаларим ўқиб, йўлини топиб бўлишган, ҳозир бор эътибор ва инвестиция мен учун. Лекин умумий жиҳатдан ҳам оиламизда қизлар таълимига алоҳида эътибор берилади.
Одатда, жамиятда қизларнинг аёллик вазифаси яхши фарзанд ўстириш деб қаралади. Бизда ҳам шундай, лекин яхши фарзанд тарбиялаш учун қиз бола яхши ўқиган, таълим кўрган, дунёқараши кенг бўлиши керак деб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам агар шароит ҳаммани ўқитиш учун етарли бўлмаса ҳам, мени биринчи навбатда ўқитишарди.
“Имтиҳонга тайёргарлик жараёнида китоб ўқишни жуда яхши кўриб қолдим”
— Инглиз тилини ўрганиш жараёнида тинглаб тушуниш (listening) кўникмасини яхшилаш учун кўпроқ подкастлар эшитардим, кейинроқ кинолар кўришни бошладим. IELTS – инглиз тилидаги умумий билимни аниқлаб берадиган тест, шунинг учун инглиз тилини билиш даражасини ҳар томонлама ошириш муҳим.
IELTS имтиҳонига тайёрланишдан олдин китоб ўқишни жуда ҳам яхши кўрмасдим. Лекин тайёргарлик, бестселлер китобларни ўқиш жараёнида уларга меҳрим тушди. Ҳозир китоб ўқишни жуда яхши кўриб қолганман, ҳеч нарса сотиб олмасам ҳам, китоблар олишни хоҳлайман.
Ўтган ой имтиҳон топшириб, 8,5 олганим ҳақида мен тайёрланган ўқув маркази ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига пост қолдирди. Шундан кейин кўпчилик саволлар юборди, Telegram орқали ҳам ҳар хил саволлар олдим ва уларнинг ҳаммасига алоҳида жавоб бериб чиқиш имконсиз эканини ҳис қилиб, канал очиш фикрига келдим.
Январнинг охирида очилган каналимда ҳозир 2,2 минг обуначи бор.
“IELTS сертификати 2 йилда эскиради, лекин инглиз тилини ўрганиш сертификатдан муҳимроқ”
— IELTS сертификатининг амал қилиш муддати 2 йил, шундан сўнг у ўз кучини йўқотади. Лекин инглиз тилини чуқур ўрганиш ҳозир ҳамма учун муҳим деб ўйлайман. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар халқаро тилни билган одам халқаро даражадаги кадрга айланади.
Шунинг учун тил ўрганаётганда 5,5-6,5 эмас, каттароқ баллни мақсад қилавериш керак деган фикрдаман.
“Қизлар ўзига ишониши керак”
— Кўпчилик қизлар ўзига ишонмайди. “Мен уддалай олмайман, мен қиз боламан” деган қўрқув бор. Бироқ ҳаракат қилинса, уддалаш мумкинлигини кўплаб муваффақиятли инсонлар исботлашган.
Қийинчиликлар ҳаммада ҳам бўлади. Моддий қийинчиликларга кўп эътибор бермаслик, ўқишга кичиккина имконият бўлса ҳам, фойдаланиш керак.
Кўпчилик қизлар янги кийим кийишни ўзларига мақсад қилиб олишади. Агар шу нарсаси бўлмаса, “Ўқишга бормайман” деб хафа ҳам бўлиб қолишади. Лекин бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Ҳозирги ўқишга инвестиция киритилса, келажакда жуда катта фойда келтиради.
Келажакда ижтимоий медиа маркетинг (Social media marketing) йўналиши бўйича ўқиб, Ўзбекистонда шу соҳа ривожланишига ҳисса қўшмоқчиман, деб ҳикоясини якунлади Маҳфуза.
У олдига қўйган мақсадларини олдиндан айтишни хоҳламаслигини, натижага эришгач, кейин очиқлашни хоҳлашини билдирди.
Агар сиз интилувчан қизларни танисангиз ёки сиз ҳам шундайлардан бири бўлсангиз, Telegram'да @Mikrofonqizlarda_bot орқали биз билан боғланинг. Дастурчи, сотувчи, ҳунарманд, букблогер, талаба, хуллас, қайси йўналишда фаолият юритаётган бўлишидан қатъи назар, микрофонни қизларга беришга тайёрмиз.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Мавзуга оид

18:28 / 20.04.2025
“Дадамга Mercedes-Benz олиб бераман” – инглиз тилини сув қилиб ичган 12 ёшли Мираббос

22:00 / 03.03.2025
“Элчи бўлмоқчиман” — наманганлик “инглиз” қиз

15:16 / 02.03.2025
Трамп инглиз тилини АҚШнинг расмий тилига айлантирди

21:19 / 28.02.2025