Ўзбекистон | 10:30 / 09.02.2022
29697
3 дақиқада ўқилади

Марҳамат тумани ҳокими ўқитувчилардан узр сўради

Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев ва Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркамилов содир бўлган ҳолат юзасидан ўқитувчилардан узр сўраб чиқди.

Фото: Telegram / Марҳамат тумани ҳокимлиги

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги, ўқувчиларнинг ўзлаштириши қониқарсиз экани туфайли ота-оналар олдида тик туриб, узр сўрагани хабар қилинганди. Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев содир бўлган ҳолат юзасидан ўқитувчилардан узр сўраб чиқди.

«Марҳамат туманидаги ўқитувчиларнинг узр сўраши бўйича кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган постларга муносабат билдирмоқчиман. Президентимиз таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўтказган селектордан сўнг, вилоятимиз ҳокими томонидан туманларда, мактабларда қилинадиган ишлар ва ўз ўрнида ҳеч бир раҳбар ва ўқитувчиларга чора кўрмаслик бўйича аниқ топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, Марҳамат туманидаги ўқитувчилар ва ота-оналар ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишдаги ҳолатлар ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса, мен туман ҳокими сифатида барча устоз-мураббийлардан узр сўрайман.

Барча устоз-мураббийларни доимо қўллаб-қувватлаб, уларга елкадош бўлиб, таълим сифатини ошириш, етук инсонларни тарбиялашда камарбаста бўламиз», дейди туман ҳокими.

Аввалроқ, ўқитувчиларнинг узр сўраши билан боғлиқ ҳолатга Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркамилов ҳам муносабат билдирганди. У бундай йиғилишлар ўтказилиши Марҳамат тумани ҳокими ташаббуси эканини айтган ва ундан мазкур ҳолат бўйича муносабат беришини қатъий талаб қилганди. Шу билан бирга ушбу ҳолатнинг олдини ололмагани учун узр сўраганди.

«Мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказилиши топшириқ берилган, туман ҳокимининг шахсан мазкур ҳолат бўйича ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қиламан.

Мазкур ҳолат юзасидан менга маълум бўлганидан сўнг, мен вилоят ҳокимининг ўринбосарига ва туман ҳокимига мазкур мазмундаги йиғилишлар вилоят ҳокимининг ва устозларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлишини айтганимдан сўнг, йиғилишлар ўтказилишининг олди олинди.

Ўз вақтида юқоридаги ҳолатларнинг олдини олмаганим учун ва устозларни ҳимоя қилмаганим учун барчангиздан узр сўрайман», дейилади муносабатда.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириб, «хатога йўл қўйган ҳар қандай раҳбарга қонунда белгиланган жазо чоралари кўрилиши таъминланиши»ни таъкидлаганди.

Мавзуга оид