Ўзбекистон | 08:38 / 03.01.2022
3198
2 дақиқада ўқилади

Паркентда туризм учун махсус солиқ режими жорий этилади 

Ўзбекистонда 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сонини 2 баробар ошириб, 520 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Хусусан, жами 700 та жойлаштириш воситасини ташкил қилиш, шундан 2022 йилда 150 таси фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланган. 2022 йилда республика бўйича 500 та оилавий меҳмон уйлари ташкил қилинади, республика бўйича 80 та туристик корхона фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, туризм соҳасига тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бунда қуйидаги ишлар амалга оширилади: маҳаллий ҳокимликлар томонидан туризм соҳасига оид ер участкаларини “E-AUKSION” электрон савдо платформасига чиқариш; алоҳида йўналишга “ҳалол”, “веган” ва бошқага ихтисослаштирилган умумий овқатланиш пунктларини ташкил этиш; вилоят марказларида сувенир дўконлари, кафетерийлар, ресторанлар, чойхоналар, магазинлар, ҳунармандчилик дўконлари ташкил қилиш ва жозибадор кўнгилочар хизматларни йўлга қўйиш.

Шунингдек, Тошкент вилояти Паркент туманида туризм учун махсус солиқ режими жорий қилинади. Бунда, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларини ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўлаш тизими жорий этилади.

Мавзуга оид