Иқтисодиёт | 22:21 / 02.06.2021
14675
2 дақиқада ўқилади

Турк лираси яна қадрсизлана бошлади

Сўнгги ойларда турк лираси 16 фоизга қадрсизланган. Туркияда инфляция даражаси 17 фоизга етди.

Фото: REUTERS/Murad Sezer

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда фоиз ставкаларини пасайтириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаганидан сўнг, турк лираси тахминан 3 фоизга инфляцияга учради.

«Мен Марказий банкимиз раҳбари билан гаплашдим. Фоиз ставкаларини пасайтиришимиз шарт. Натижада биз июл ва август ойларида нархлар пасайишига эришамиз. Агар биз фоиз ставкалари юкини сармоялар ва харажатлардан олиб ташласак, унда тинчроқ муҳитга кирамиз, чунки бу фоиз ставкалари харажатлар инфляциясини келтириб чиқаради», – деган Туркия раҳбари ТRТ телеканалига берган интервьюсида.

Айни пайтда мамлакатда ишсизлик даражаси 13,1 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ёшлар орасида икки баравар кўп. Bloomberg'нинг ёзишича, ишсизликни камайтириш Эрдўған ҳукумати учун муҳим вазифага айланган, чунки ишсизлик икки рақамли сонларда бўлган кўплаб шаҳарларда, хусусан Истанбул ва пойтахт Анқарада аҳолида ҳукуматдан норозилик юқори.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги ойларда турк лираси 16 фоизга қадрсизланган. Бундан ташқари, инфляция даражаси 17 фоизни ташкил этмоқда. Марказий шаҳарларда озиқ-овқат нархлари ошяпти.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, фоиз ставкаларини қисқартириш ишлаб чиқарувчиларнинг харажатларини пасайтиради ва натижада истеъмол нархларининг ўсиши секинлашади.

Экспертларнинг фикрига кўра, 2013 йилдан бери Эрдўғаннинг пул-кредит сиёсатига тинимсиз аралашуви, шунингдек, иқтисодиётда чет эл валютаси ва олтинга боғлиқликнинг ошиши мамлакатда лиранинг қадрсизланишига ва инфляция даражасининг доимий равишда юқори суръатларда сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Аҳолининг аксарият қисми ўз жамғармаларини лирага айлантиришни истамайди. Инвесторларда мамлакат Марказий банки мустақиллигига, унинг мустақил қарор қабул қила олишига ишонч йўқлиги айтилади.

Мавзуга оид