Жамият | 16:55 / 17.05.2021
4846
2 дақиқада ўқилади

«Ўзкомназорат» ютуқли сўровнома ҳақидаги фейк хабарларга ишонмасликни сўради

“Ўзкомназорат” интернет ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан зарурияти бўлмаганда, ўзи билмаган ва ишонмаган ҳар хил сўровнома, савол-жавоб, акциялар, электрон ҳаволалар, электрон ва онлайн ўйинлар, бошқа фейк эълонларга кирмасликни ҳамда ўзининг шахсий маълумотларини ошкор этиб алданиб қолмасликни сўради.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ҳар хил сўровнома, савол-жавоб, акциялар, электрон ҳаволалар, бошқа электрон ва онлайн ўйинлар, фейклар орқали фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг шахсига доир маълумотларни (электрон почта ва ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги шахсий маълумотлари, исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган санаси, манзили ва шулар қаторида тўлов карталари, унинг пароли ва пин кодлари, ҳисобрақамлари, бошқа тўлов манбалари) ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

“Табриклаймиз, сиз ютуқли сўровнома иштирокчисига айландингиз, бир дақиқа вақт ичида соврин эгасига айланасиз”, деган фейк ёки шунга ўхшаш ўзига жалб этадиган ва қизиқтирадиган фейклар орқали мессенжерлар ҳамда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фирибгарлар алдовига тушиб қолмоқда.

Интернетда турли хил ҳаволалар (ўзига жалб этадиган ва қизиқтирадиган фейклар, иловалар, ўйинлар, бошқалар)га кириб қолган фойдаланувчи сўровномада иштирок этиб, фирибгарларга ўз шахсий маълумотларини ўзи билмаган ҳолда тақдим қилиб қўйиши натижасида тўлов карталари ва ҳисобрақамларидаги пул маблағлари, мол-мулки ва бошқа бойликларидан ажралиб қолиш ҳолатларига тушмоқда.

“Ўзкомназорат” интернет ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан зарурияти бўлмаганда, ўзи билмаган ва ишонмаган ҳар хил сўровнома, савол-жавоб, акциялар, электрон ҳаволалар, электрон ва онлайн ўйинлар, бошқа фейк эълонларга кирмасликни ҳамда ўзининг шахсий маълумотларини ошкор этиб алданиб қолмасликни сўрайди”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид