Термизда тадбиркорлар ҳокимлик биносига мажлисга чақирилди. Раҳбарлар нега замонавийлаша олмаяпти?
Kun.uz таҳририятига Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳридан мурожаат келиб тушди. Унда дорихона эгаларидан бири томонидан карантин вақтида барча дорихона раҳбарлари 16 июль куни эрталаб соат 8:00да мажлисга чақирилгани айтилган.
Мурожаатга Термиз шаҳар солиқ инспекцияси профилактика бўлимидан мурожаат ҳам илова қилинган: «Ассалому алайкум ҳурматли тадбиркорлар. Бугун соат 08:00да шаҳар ҳокимиятида йиғилиш бор. Шунга қатнашишларингиз талаб қилинади. Олдиндан раҳмат», дейилган талабнома-мурожаатда.
Биз чиндан ҳам шундай йиғилиш ташкиллаштирилгани ёки йўқлигини аниқлаш учун Термиз шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Абдуманнон Саидмаликовга қўнғироқ қилдик.
Унинг маълум қилишича, шу куни эрталаб соат 8:00да чиндан ҳам шундай йиғилиш ўтказилган. Йиғилишга Сурхондарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Пардаев, шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев ва сектор раҳбарлари бошчилик қилган.
Маълум қилинишича, тадбир шаҳар дорихоналарига дори воситаларини етказиш, дори-дармонлар нархининг сунъий равишда кўтарилиб кетишининг олдини олиш, аҳолини сифатли дори-дармон билан узлуксиз таъминлашда тадбиркорларга кредит масаласида амалий ёрдам бериш мақсадида ўтказилган.
Энди қаранг: коронавирус пандемияси шароитида хавфсизлик мақсадида турли мажлис-у йиғилишларга барҳам бериш кераклиги ҳақида бот-бот такрорланмоқда.
Президент ҳам ҳудудлар ҳокимларига карантин пайтида жойларда барча даражадаги йиғилишлар ва мажлисбозликларга чек қўйиш талабини қўйган, барча ташкилотларда масофавий иш тизимига ўтилиши тавсия қилинган эди.
Шунга қарамасдан жойларда бундай мажлислар ташкиллаштирилаётгани тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Тушунамиз, долзарб масалалар бор, топшириқлар берилмоқда, ижро ва назорат керак. Лекин шуни юзма-юз жонли тарзда амалга ошириш шарт эмас-ку? Қолаверса, Термиз шаҳри алоқа воситалари ҳали етарли тарзда ривожланмаган четдаги бир шаҳар эмас, вилоят маркази!
Айтайлик, шу мажлисни ZOOM орқали ўтказиш мумкин эдими? Албатта мумкин эди! Боз устига, карантинда айни вақти. Узоқдан мисол келтириб ўтирмаймиз: вилоят ҳокими Тўра Боболов халқ депутатлари Ангор ва Қизириқ туман кенгашларнинг сессиясида ZOOM орқали иштирок этди.
Мажлисларни, йиғилишларни семинар тарзида шу кўринишда ташкил этса бўлади-ку? Лекин бизда раҳбарлар асло бундай қила олишмайди. Бунинг асосий учта сабаби бор:
1. Чунки мажлислар ZOOM орқали ўтказилса, ёзиб олиниши мумкин. Ахир бизда мажлислар ҳокимлик биносида, барчанинг телефонларини кираверишдаги Миллий гвардия йигитларига қолдириб, ўтказиш урф бўлган.
2. ZOOM’даги мажлисларда «шира» бўлмайди, чунки раҳбарлар бундай онлайн мажлисда қўпол сўзларни ишлата олмайди, ҳеч кимни уриша олмайди, ҳақорат қилолмайди.
3. Қолаверса, ҳокимлик биносида ўтадиган тадбиркорлар иштирокидаги мажлисларда асосан ноқонуний топшириқлар берилади, тадбиркорлар гарданига уларга хос бўлмаган вазифалар юкланади.
Энди риторик савол: касаллик урчиган чоғда, одамларни бир хонага қамаб, уни вирус ўчоғига айлантириб, кишилар соғлиғи ва умрини хавф остида қолдирган амалдорларни ким деб аташ мумкин?
Пандемия шароитида одамларнинг соғлиғи биринчи навбатда бўлиши керак. Қолаверса, ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қиладиган, ҳеч кимдан муттаҳамлиги йўқ, ҳалол раҳбар қўл остидагилардан топшириқ ва ижрони талаб қилиб, бемалол ZOOM орқали мажлис ва йиғилиш ўтказиши мумкин. Ўз билими, иқтидорига ишонган ҳақиқий лидер, талабчан раҳбар унинг гапларини биров ёзиб олиб, тарқатишидан ҳам асло чўчимайди. Ёзиб олиб, тарқатса ҳам уни шарманда қилиш учун эмас, одамлар ўрнак бўлиши, уларни хабардор ва билимли қилиш учун тарқатилади.
Бизга айнан ана шундай раҳбарлар керак.
Шуҳрат Шокиржонов
Мавзуга оид

11:05 / 04.06.2024
Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲда Нексия-3 машинаси ёниб кетди

21:00 / 31.01.2024
Сурхондарёлик йигит Telegram’да сохта ҳаволалар бериб ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирди

22:39 / 27.07.2023
Термиз шаҳри собиқ ҳокими 11 йилга озодликдан маҳрум этилди

11:45 / 15.01.2023