Жамият | 13:20 / 31.10.2019
109255
3 дақиқада ўқилади

«Аҳмадбой иши»: Учинчи очиқ суд ҳукми эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони - 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг Kun.uz’га хабар қилишича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси Х. Шермуҳамедов раислигида кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, А. Турсунбоевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “в” бандларида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топиб, унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 

А. Турсунбоевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 20 майдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 52 096 000 сўм жарима жазолари тайинланди. 

Шу билан бирга, А. Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорининг 6-банди “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланди.

Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Мавзуга оид