Жаҳон | 14:11 / 10.04.2025
9175
8 дақиқада ўқилади

Трампни қўллаган бадавлат америкаликлар ҳам энди ундан дарғазаб

Улар унинг савдо урушини деб миллиардлаб доллар йўқотмоқда.

Timothy A. Clary / AFP / Scanpix / LETA

2 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трамп 180 мамлакат учун савдо божлари жорий этди. 9 апрелдан уларнинг барчаси кучга кирди. Божлар 10 фоиздан 50 фоизгача ва АҚШнинг ҳар бир алоҳида мамлакат билан савдо балансига асослаб ҳисобланган. Бу, гарчи Америка расмийлари буни истамаса ҳам, амалда савдо уруши эълон қилишдир – улар қулай савдо шароитларига эришиш учун бошқа мамлакатларга босим ўтказмоқчи. Шунга қарамай, божлар бутун дунё бўйлаб бозорлар учун шок ҳолатини келтириб чиқарди: доллар арзонлашди, криптовалюталар ҳам, акциялар ҳам. Бундан бутун дунёдаги инвесторлар, жумладан, энг бадавлат америкаликлар ҳам жабр кўришди. Қатор молиячилар ва тадбиркорлар АҚШ президентини танқид қилмоқда. «Медуза» уларнинг божлар ҳақидаги фикрларини жамлади.

Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, божлар эълон қилинганидан сўнг дунёнинг энг бой 10 кишиси 170 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўқотган. Бу Трампнинг ўзига ҳам таъсир қилди (унинг бойлиги 500 миллионга камайди), аммо сўнгги воқеалар унинг асосий ҳомийси ва маслаҳатчиси, миллиардер Илон Маск (унинг йўқотишлари деярли тўққиз миллиардга баҳоланмоқда) учун анча оғриқли кечмоқда. Маскнинг божларга қарши чиққани ажабланарли эмас. У Европа ва АҚШ ўртасида нол фоизлик божлар бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, The Washington Post нашри ёзишича, тадбиркор Трампни божлар бўйича позицияни юмшатишга кўндиришга уринган, бироқ бунга эриша олмаган.

Маск президентни жамоатчилик олдида танқид қилмади, лекин Х ижтимоий тармоғида унинг савдо сиёсати бўйича маслаҳатчиси, бож сиёсатининг меъмори ҳисобланган Питер Наваррога нисбатан ҳақоратли бир нечта пост жойлаштирди. Наварро Маскнинг ҳафсаласи пир бўлганини тушуниши мумкинлиги, чунки у «арзон хорижий эҳтиёт қисмларга муҳтож бўлган» «автомобил йиғувчиси» ҳисобланишини айтди. Бунга жавобан Маск Наваррони аҳмоқ деб атади ва Tesla АҚШдаги автомобил ишлаб чиқарувчилар орасида Америка эҳтиёт қисмлари улуши бўйича етакчи эканини билдирди.

Home Depot дўконлар тармоғи ҳаммуассиси ва Республикачилар партиясининг узоқ йиллик ҳомийси Кен Лангоун (бойлиги 8,2 миллиард доллар) савдо тақчиллигига асосланган божларни ҳисоблаш формуласини танқид қилди. «Мен бу лаънати формулани тушунмаяпман, – дея тан олди у. – Менимча, маслаҳатчилар унга [Трампга] нотўғри маслаҳат беришган». Бизнесменнинг сўзларига кўра, Осиё учун божлар жуда юқори ва улар музокараларга «муваффақиятга эришиш имкони»ни бермайди.

Лангоуннинг фикрича, дунёнинг барча мамлакатлари учун 10 фоизлик божлар жорий этиш, кейин эса икки томонлама битимлар тузиш конструктивроқ бўларди. Duquesne Family Office инвестиция компанияси асосчиси, ҳозирги АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг устози деб аталадиган Стенли Дракенмиллер (бойлиги 11 миллиард доллар) ҳам бож миқдори 10 фоиздан ошишини қўллаб-қувватламади.

Трампнинг олдинги президентлигида савдо вазири бўлган Уилбур Росс «божларни ҳисоблаш формуласининг мантиғига нисбатан баъзи шубҳалари борлиги»ни тан олди. Fisher Investments раҳбари Кен Фишер (бойлиги 11,2 миллиард доллар) эса мулозамат қилиб ўтирмади. У Трампнинг бож сиёсати «аҳмоқона, нотўғри, экстремал, жоҳил ва [мавжуд бўлмаган] муаммони нотўғри воситалар билан ҳал қилиш» эканини таъкидлади.

Pershing Square Capital Management ҳедж-фонди асосчиси, 2024 йилги президентлик кампанияси пайтида Трампни қўллаб-қувватлаган Билл Экман (бойлиги 7,7 миллиард доллар) ҳам танқидга қўшилди. У Х ижтимоий тармоғида тарифларни жорий этишга 90 кунлик мораторий эълон қилишга чақирувчи бир нечта узундан узун постлар эълон қилди. Унинг фикрича, бу Оқ уйга Америка бизнесига зарар етказмаган ҳолда бошқа давлатлар билан савдо шартлари бўйича келишиб олиш имконини беради.

«Агар биз иқтисодий ядро урушини бошласак, бизнесга сармоя киритиш тўхтайди, истеъмолчилар ҳамёнларини ёпиб қўйишади, биз эса бутун дунё кўз ўнгида ўз обрўйимизни жиддий равишда йўқотамиз», – деб ёзган Экман 6 апрел куни, оширилган тарифлар кучга киришидан олдин. 9 апрелда, божлар амал қилиши бошлаганида, у кичик ва ўрта бизнесда банкротлик тўлқини яқинлашаётганини башорат қилди. Шу билан бирга, Экман Трампни танқид қилишдан қочиб, у иқтисодчи эмаслиги ва божлар масаласида «математикани яхши билмайдиган» маслаҳатчиларига таянишини айтди.

Республикачилар партиясининг йирик донори, Citadel ҳедж-фонди асосчиси Кеннет Гриффин (41,8 миллиард доллар бойликка эга) божларни «катта сиёсий хато» деб атади: «Йилига 50 минг доллар ишлаб топадиган [америкалик] оилага энди улар озиқ-овқат, тостер, янги чангютгич, янги машинага 20 фоиз, 30 фоиз, 40 фоиз кўпроқ сарфлаши кераклигини айтиш нотўғри. Америкага иш ўринларини қайтариш орзуси ушалган тақдирда ҳам, бу 20 йиллик орзудир. 20 ҳафталик эмас. Икки йиллик эмас. Ўн йиллар кетади».

Жаҳондаги энг йирик молия ҳолдинглардан бири – JPMorgan Chase банки директори Жейми Даймон (бойлиги 2,2 миллиард доллар) акционерларга ҳар йилги хатида божлар инфляцияга олиб келиши ва иқтисодий ўсишни секинлаштиришини айтган.
Шунингдек, у божлар АҚШнинг иқтисодий иттифоқларига (ҳарбийлар билан ҳам боғлиқ) таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирди. «„America First“ – бу Америка ёлғиз қолишига олиб келмагунча нормал ҳолат», – деб ёзган Даймон.

Америкадаги Life Time номли фитнес ва спа-марказлари тармоғи раҳбари Баҳрам Акради АҚШ янги тарифлардан бошқа давлатлар билан тезда битимлар тузиш ва жаҳон савдосида умуман барча божхона тўсиқларини олиб ташлашга эришиш учун фойдаланишига умид билдирди. «Агар улар шу тариқа бир нечта ғалабага эришса, бу барча учун яхши бўлади, – деди Акради. – Агар ундай бўлмаса, бу [божлар билан боғлиқ] жуда ёмон юриш бўлади».

Трампнинг Оқ уйга қайтишидан кўп нарса кутган криптоинвесторлар ҳам зарар кўрмоқда: криптовалюта бозори ҳам бошқа молия бозорлар ортидан ўтирди, гарчи божлар унга тўғридан тўғри таъсир қилмаса ҳам. Сайлов олдидан Трамп билан стрим қилган ва унга Tesla Cybertruck совға қилган блогер Эдин Росснинг айтишича, унинг инвестиция портфели 10 миллион долларга қўзғалган. «Мен криптовалютамда кўп пул йўқотяпман. Биткоин пасаймоқда. Ethereum пасаймоқда. Ҳаммаси қулади. Акциялар тушмоқда. Лекин ҳаммаси жойида. Улар яна ўсади. Аммо, жин урсин, бро», – деб шикоят қилди у яқинда стримлардан бирида меҳмонига.

Barstool Sports спорт компанияси асосчиси ва Трампнинг яна бир тарафдори бўлган инвестор Дэйв Портной божлар туфайли 20 миллион атрофида маблағ йўқотгани, аммо Трампга ишонишда давом этишини таъкидлаган. «Бу [бозорларнинг қулаши] менга ёқадими? Йўқ. „Оҳ, шўрим қурсин, афсуски, Камолга [Харрисга] овоз бермадим“, деб йиғлаяпманми? Йўқ», – деган Портной.

Мавзуга оид