Ўзбекистон | 20:19 / 30.03.2025
6500
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 31 март куни Хўжандга боради

Ташриф давомида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 31 март куни амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг қўшма учрашуви ҳамда икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Кун тартибидан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Тадбир якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаш кўзда тутилган.

Давлат раҳбарлари санъат усталарининг қўшма концертида ҳам иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 29 март куни Олмаота шаҳрида норасмий учрашув ўтказганди. Учрашувда икки мамлакат делегациялари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.

Мавзуга оид