Жамият | 10:17 / 27.03.2025
8807
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда қурилиш кранининг ўқ қисми боғча томига қулади

МТТ фаолияти бир муддатга тўхтатилган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.

Фото: Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси

Жорий йил 25 март куни кеч соат 19:10 лар атрофида Янгийўл шаҳар «Бахт» МФЙда жойлашган 5-сонли ДМТТ томига кўтарма краннинг ўқ қисми қулади. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар бермоқда.

Қурилиш вазирлиги хабарига кўра, боғча билан қўшни ҳудудда хусусий тадбиркор томонидан турар жой комплекси қурилаётган бўлган. Қурилиш майдонида ўрнатилган кўтарма краннинг ўқ (стрела) қисми ёмғир сабабли қулагани оқибатида таълим муассасасининг том қисмига шикаст етган.

Ҳодиса жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар бўлими, ҳокимият, прокуратура, ИИБ мутасаддилари етиб боришган. Бинонинг том қисмини зарарлаган кўтарма кран ўқи олиб ташланиб, вазият тўлиқ назоратга олинган.

Айни кунларда қурилиш ташкилоти томонидан муассаса том қисмида зарар етган профнастил қоплама ва ёғоч қисм олиб ташланиб, таъмирлаш ишлари бошланган. Қурилиш ташкилоти масъуллари 3 кун муддатда МТТнинг зарар етган қисмини таъмирлаб, бинони ишчи ҳолатга келтиришини билдирган. 

Ҳозирда таъмирлаш ишлари 8 нафар қурилиш ташкилоти ишчи ходимлари билан давом этмоқда. МТТ фаолияти бир муддатга тўхтатилган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.

Мавзуга оид