4 йўлланмага 9 даъвогар. Осиёда мундиал саралашидаги вазият
Қитъадан фақат Япония ва Эрон йўлланмани муддатидан олдин ҳал қилди. Кейинги йўлланмалар учун Ўзбекистон, Жанубий Корея, Иордания ва Австралия яхши имкониятга эга бўлиб турибди. БАА, Ироқ, Ўмон, Саудия ва Индонезия каби жамоаларда ҳам тўғридан тўғри йўлланма учун кичик бўлса-да имконият сақланиб қолган.

Фото: Kun.uz
Фақат КХДРда йўлланма учун ҳеч қандай имконият қолмади. Кейинги турларда Қирғизистон, Фаластин, Кувайт, Баҳрайн ва Хитой каби жамоалар плей-оффга ўтиш учун курашни давом эттиради – бу жамоаларда гуруҳ босқичи якунига икки тур қолганида назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолмоқда.
А гуруҳи
Қирғизистон — Қатар — 3:1 (Кичин, 45+1. Мишченко, 82. Шукуров, 90+3 — Мендес, 52). Четлатиш: Мендес (Қатар), 55.
Эрон — Ўзбекистон — 2:2 (Торимий, 52, 83 — Эркинов, 16. Файзуллаев, 53).
КХДР — БАА — 1:2 (Ким Ю Сун, 43 — Лима, 5. Адил, 90+9).
Эрон аллақачон АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган турнир учун чипталарни буюртма қилишни бошлаши мумкин. Эронликлар Ўзбекистонга қарши ўйин якунланмасданоқ стадион атрофида мушакбозлик билан жаҳон чемпионати йўлланмасини нишонлашни бошлаб юборишди.
Ундан олдинроқ Қатар Қирғизистонда мағлубиятга учраб, мундиалга тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритишдан умидини узганди.
Теҳрондаги учрашувда эҳтимолий ғалаба ҳам Ўзбекистонга йўлланмани тақдим этолмасди, лекин икки очко йўқотилгач, вазиятини бироз қийинлаштирди.
Чунки куннинг охирги ўйинида БАА Саудия Арабистонидаги бетараф майдонда КХДРга қарши кечган ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини уриб кетди ва гуруҳ жадвалида Ўзбекистон билан орадаги фарқни 4 очкогача қисқартирди.
Энди гуруҳдаги иккинчи йўлланма катта эҳтимол билан 5 июн куни БАА ва Ўзбекистоннинг ўзаро ўйинида ҳал бўлади. Агар Тимур Кападзе шогирдлари сафарда ғалаба қозонса ёки дуранг ўйнаса ҳам муддатидан олдин йўлланмани кафолатлайди.
Чунки бу сценарийда БАА охирги турдаги натижалардан қатъи назар учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди: Агар Ўзбекистон ғалаба қозонса, ҳисобидаги очколар сони 20 тага етади, дуранг қайд этилса, очколар сони 18 та бўлади. Шунда сўнгги турда Ўзбекистоннинг Тошкентда Қатарга қарши ўйини расмиятчилик мақомини олади – БАА Қирғизистон майдонида уч очко олса ҳам, максимум 17 очко жамғаради.
Агар 5 июн кунги ўйинда Ўзбекистон БААга ютқазадиган бўлса, очколар нисбати 17 га 16 кўринишини олади, шунда Ўзбекистонни сўнгги турда Қатарга қарши ўйинда фақат ғалаба қониқтиради. Агар дуранг ўйналса, Ўзбекистонда 18 очко бўлади, амирликлар эса Бишкекда ғалаба қозониб, 19 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин.
Гуруҳда фақат КХДР йўлланмадан буткул умид узган, Қирғизистон ва Қатар эса кейинги турларда учинчи ва тўртинчи ўринлар билан плей-офф босқичига ўтиш учун сиртдан рақобатлашади.
Маълумот учун, КХДР устидан ғалаба қозонилганига қарамай, БАА футбол федерацияси раҳбарияти фавқулодда чора кўриб, бош мураббий Паулу Бентуни истеъфога чиқарди. Португалиялик мутахассис 2023 йилдан бери 14 ғалаба, 6 дуранг ва 6 мағлубуият қайд этган. Энди амирликлар жамоаси Ўзбекистонга қарши ҳал қилувчи ўйинга янги мураббий билан тайёрланади.
5 июн. Қатар – Эрон, БАА – Ўзбекистон, КХДР – Қирғизистон
10 июн. Ўзбекистон – Қатар, Эрон – КХДР, Қирғизистон – БАА.
В гуруҳи
Жанубий Корея — Иордания — 1:1 (Ли Жэ Сун, 5 — Ал-Марди, 30).
Фаластин — Ироқ — 2:1 (Абу, 88. Маҳайна, 90+7 — Ҳуссайн, 34).
Кувайт — Ўмон — 0:1 (Ал-Сабҳи, 56).
Жанубий Корея қаторасига учинчи ўйинда ғалаба қозона олмади ва ҳали ҳам йўлланмани нақд қилмади. Олдинги турларда Фаластин ва Ўмон жамоалари билан очколарни бўлишиб олган корейслар бу турда гуруҳ жадвалидаги асосий рақобатчиси бўлиб турган Иорданияга қарши ўйинда ғалабани сақлаб қололмади.
Сон Ҳёнг Мин жамоадошлари катта эҳтимол билан кейинги турда мундиалнинг навбатдаги иштирокчисига айланади. Бунинг учун Ироқ майдонида ютқазмасликнинг ўзи етарли.
Гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқиш учун Иордания, Ироқ ва Ўмон рақобатлашмоқда. Агар Иордания кейинги турда Ўмонни мағлуб этса ва Ироқ Жанубий Кореяга ютқазса, Иордания йўлланмани муддатидан олдин ҳал қилади, агар Иордания ўз ўйинида ғалаба қозониб, Ироқ дуранг ўйнаса, сўнгги турда Иордания ва Ироқ ўртасида ҳаёт-мамот жанги бўлиб ўтади.
Ўмон эса навбатдаги турда Иорданияни мағлуб этса, Ироқ корейсларга ютқазса, ўмонликлар учинчи ўринга кўтарилади ва сўнгги турдаги натижаларга кўра айнан Ўмон иккинчи ўринга чиқиб қолиши мумкин.
Гуруҳнинг охирги ўринлардаги икки вакили – Фаластин ва Кувайтда плей-оффга ўтиш учун фақат назарий имконият сақланиб қолган.
5 июн. Ироқ – Жанубий Корея, Ўмон – Иордания, Кувайт – Фаластин
10 июн. Иордания – Ироқ, Жанубий Корея – Кувайт, Фаластин – Ўмон.
С гуруҳи
Япония — Саудия Арабистони — 0:0.
Хитой — Австралия — 0:2 (Ирвайн, 16. Велупиллай, 29).
Индонезия — Баҳрайн — 1:0 (тер Хар Ромени, 24).
Бу гуруҳда Япония ўтган турдаёқ йўлланма масаласини ҳал қилганди ва Саудия билан ўйин кунчиқар мамлакат вакиллари учун қуруқ расмиятчилик сифатида ўтди ва якуний ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди.
Японлар бундан кейинги турларда Австралия ва Индонезияга ҳам очко улашишда давом этиши мумкин.
Бу жамоаларга очколар эса очколар жуда зарур. Яшил қитъа вакиллари бу турда Хитой устидан муҳим ғалабага эришиб, 13 очко билан иккинчи ўринни мустаҳкамлади. Кейинги турдаги ғалаба амалда ушбу жамоани мундиал иштирокчисига айлантиради. Охирги турда иккинчи ўрин учун асосий рақобатчи бўлган Саудия Арабистони билан ўзаро учрашув кутмоқда. Саудияликлар кейинги турда Баҳрайнни мағлуб этса, ўзаро ўйин арафасида уч очколик фарқ билан таъқиб қилаётган бўлади, аммо бу ўйиндаги ғалаба ҳам уларга етарли бўлмаслиги мумкин, чунки очколар тенг келган ҳолатда тўплар нисбатига қаралади, бу борада устунлик эса Австралияда.
Бу турда Баҳрайнни мағлуб этган Индонезия тўққиз очко билан тўртинчи ўринда қолди. Бу жамоа тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлиши учун, бир вақтнинг ўзида ўз ўйинларида ғалаба қозониши (максимум 15 очко), Австралия икки ўйинда биттадан ортиқ очко олмаслиги, Саудия Арабистони икки ўйиндан биттасида очко йўқотиши талаб этилади.
Охирги ўринлардаги Баҳрайн ва КХДРда эса плей-офф босқичига ўтиш учун фақат назарий жиҳатдан имконият мавжуд.
5 июн. Австралия – Япония, Баҳрайн – Саудия Арабистони, Индонезия – Хитой
10 июн. Саудия Арабистони – Австралия, Япония – Индонезия, Хитой – Баҳрайн.
Жамоаларнинг имкониятлари қандай баҳоланмоқда?
8-тур ўйинларидан кейин We Global Football портали миллий жамоаларнинг мундиалга йўлланма олиш имкониятларини баҳолади.
Унга кўра, Ўзбекистон миллий жамоасининг А гуруҳидан тўғридан тўғри йўлланма олиш имконияти 96 фоизга баҳоланмоқда. Қирғизистонга қарши баҳсдан кейин бу рақам 92,6 фоизни ташкил қилаётган эди. Теҳрондаги бир очко ҳам вазиятни яхшилаган.
Ўзбекистоннинг бу йўлланма учун ягона рақобатчиси бўлмиш БААнинг имконияти 4 фоизга баҳоланмоқда.
Портал B гуруҳидан Жанубий Корея биринчи (100 фоиз), Иордания иккинчи ўрин билан чиқишини (68,1 фоиз) прогноз қилмоқда. Айни вақтда гуруҳда учинчи бўлиб турган Ироқ (23,6 фоиз) ва Ўмоннинг (8,2 фоиз) имкониятлари анча паст кўрсатилган.
C гуруҳидаги иккинчи йўлланма эса Австралияга насиб этиши имконияти юқори баҳоланган - 93,6 фоиз. Саудия Арабистони (6,2 фоиз) ва Индонезия (0,2 фоиз) барибир ўтиш ўйинлари орқали навбатдаги уринишни амалга ошириб кўриши кутилмоқда.
Плей-офф босқичи қандай бўлади?
Гуруҳларда учинчи ва тўртинчи ўринларда қолиш ҳам фожиа эмас.
Аввалги форматда гуруҳларда тўғридан тўғри йўлланмадан қуруқ қолган, 3-ўринни олган жамоалар плей-офф орқали узоқ йўлни босиб ўтиши лозим бўларди. Энди имконият қарийб икки баравар ортган. 3-босқичдаги учта гуруҳда 3-4 ўринларни олган 6 та жамоа (айни вақтдаги ўринларига кўра БАА, Қатар, Ироқ, Ўмон, Саудия Арабистони ва Индонезия) 4-босқичга ўтади.
Жами 6 жамоа ҳар бири учтадан 2 гуруҳга бўлинади. Гуруҳ ғолиблари жаҳон чемпионатига навбатдаги йўлланмаларнинг эгасига айланади.
Аввалига, ФИФА тавсиясига кўра, жамоалар нейтрал майдонда ўзаро биттадан ўйин ўтказиши кўзда тутилганди, аммо 5-босқич тақвими 2025 ноябридан 2026 йил мартига кўчирилгани туфайли, ОФКда қўшимча тур ўйнаш имконияти пайдо бўлди. Натижада, ОФК 4-босқични ҳам уй-сафар тизимида ташкил этади. Фақат ҳар бир жамоа билан бир мартадан ўйналади. Гуруҳдаги бир жамоа билан сафарда, бошқаси билан уйда ўйнашга тўғри келади.
4-босқичда икки гуруҳ ғолиблари, юқорида айтилганидек, мундиал йўлланмасини қўлга киритади, учинчи ўринларда қолган жамоалар курашдан чиқади, иккинчи ўринлар эгаларида эса яна бир имконият юзага келади. Бу жамоалар энди ўзаро плей-офф ўйнашади ва ғолиб 5-босқичда – 6 жамоадан иборат бўлган қитъалараро плей-оффда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
6 жамоа – Шимолия Америка (2 та), Осиё, Африка, Жанубий Америка ва Океания минтақаси вакилларидан иборат бўлади. Бу жамоалар ўзаро яна икки охирги йўлланма учун кураш олиб боради.
6 жамоа ичида энг рейтинги юқори бўлган икки жамоа ўз рақибини кутиб туради. Қолган тўрт жамоа икки жуфтлик ташкил қилиб, ғолиблар аниқланади. Икки ғолиб ўша кутиб турган рейтинги юқори икки жамоага тақсимланади. Финал жуфтликларида ғолиб бўлган икки жамоа ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритади.
Ўйинлар уй-сафар эмас, нейтрал майдонда, катта эҳтимол билан ЖЧ-2026 мезбон давлатларидан бирида ташкил қилинади.
Мавзуга оид

11:34 / 26.03.2025
Тимур Кападзе: «Дуранг адолатли натижа бўлди»

10:15 / 26.03.2025
Қозоғистонда илк ғалаба, Норвегия Исроилга 4 та гол урди. Европада кун ўйинлари

23:06 / 25.03.2025
Ўзбекистон Эрон билан ўйинда муҳим очкони қўлга киритди

20:50 / 25.03.2025