«Сўнгги огоҳлантириш». Трамп Ҳамасдан гаровдагиларни озод этишни талаб қилди
Доналд Трамп Ҳамасдан Ғазо секторида гаровда ушлаб турилган барчани зудлик билан озод қилишни, шунингдек, анклав ҳудудини тарк этишни талаб қилди. Оқ уй эса АҚШ Ҳамас билан гаровга олинганлар бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.

Фото: X/ POTUS
АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга кўра озод қилинганлар гуруҳи билан учрашди.
«Гаровга олинганларнинг ҳаммасини кейин эмас, ҳозироқ озод қилинг, ўлдирган барча одамларингизнинг жасадларини зудлик билан қайтариб беринг, акс ҳолда тамом бўласизлар. [...] Мен Исроилга ишни якунлаш учун барча воситаларни бераман, айтганларимни қилмагунингизча Ҳамаснинг ҳеч бир аъзоси хавфсизликда бўлмайди», — деб ёзди у ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу сиз учун охирги огоҳлантириш! [Ҳамас] раҳбариятига келсак, ҳозир имкон борида Ғазони тарк этишнинг айни пайти. Ғазо аҳолисига ҳам мурожаат қиламан: сизни ажойиб келажак кутмоқда, лекин гаровга олинганларни ушлаб туриш ҳолатида эмас. Агар шундай давом этсангиз, ўласиз. Ақлли қарор қабул қилинг. Гаровга олинганларни ҳозироқ озод қилинг, йўқса кейинроқ бунинг бадали жаҳаннам бўлади», — дея қўшимча қилди у.
Бу Трампнинг Ҳамасга биринчи таҳдиди эмас. Феврал ойи бошида Ҳамас гаровга олинганларни озод қилишни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилганида, Трамп бундай ҳолатда улар учун «ҳақиқий дўзах бошланиши»ни айтганди.
Ўшанда Ҳамасдагилар таҳдидлар билан гаплашишдан маъно йўқлиги, бу вазиятни фақат мураккаблаштиришини билдирганди.
Аввалроқ Оқ уй АҚШ Ҳамас билан гаровга олинганлар бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлаганди. Оқ уй матбуот котиби Керолайн Ливиттнинг маълум қилишича, Исроил билан музокаралар бошланишидан олдин маслаҳатлашувлар ўтказилган.
BBC манбаларига кўра, Ҳамас ва АҚШ вакиллари ўртасида иккита учрашув бўлиб ўтган. Нашр мухбири Пол Адамс бу алоқаларни ноодатий, аммо мисли кўрилмаган деб аташ мумкинлигини таъкидлаган. АҚШ 1997 йилдаёқ Вашингтон томонидан террорчилик гуруҳи деб эълон қилинган Ҳамас билан тўғридан тўғри ҳамкорлик қилмаганди.
Агентлик маълумотларига кўра, ўтган йилнинг апрел ойида ҳам Байден маъмурияти вакиллари билан гаровдаги америкалик масаласини муҳокама қилиш учун яна бир учрашув бўлиб ўтганди.

Исроил томони таъкидлашича, Ғазода ҳамон 59 киши гаровда ушлаб турилибди, улардан камида 24 нафари ҳалок бўлгани айтилади. Гаровдагилар орасида АҚШнинг бир неча фуқароси ҳам бор.
Вашингтон вакилларининг Ҳамас билан музокаралари ҳақида биринчи марта Axios нашри хабар берди. Унинг маълумотига кўра, томонлар Қатарда асирдагилар тақдирини, шунингдек, урушни тўхтатиш бўйича кенгроқ келишувни муҳокама қилиш учун учрашган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг канцелярияси музокаралар бўйича «ўз позициясини билдиргани»ни маълум қилди, бироқ қўшимча маълумот тақдим этилмаган.
Мавзуга оид

12:25
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

01:10
Трамп: Украина АҚШ ёрдами билан ҳам омон қолмаслиги мумкин

19:14 / 09.03.2025
Тинчлик металлари: АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги ресурс келишувининг нимаси ғалати?

01:44 / 08.03.2025