Жаҳон | 16:35 / 03.02.2025
3864
2 дақиқада ўқилади

Россияда ноқонуний мигрантлар сони маълум қилинди

Россияда 6,3 миллион мигрант истиқомат қилади, уларнинг 10 фоиздан ортиғи ноқонуний мақомга эгалиги айтилди.

Фото: ТАСС

Бугунги кунда Россияда 670 минг ноқонуний мигрант бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалар. Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой «Комсомолская правда» газетасига берган интервюсида шу рақамларни келтирди.

Унинг тушунтиришича, бу маълумот мамлакатга кирган, лекин патент олмаган, миграция органларида рўйхатдан ўтмаган ва меҳнат шартномаси тузмаган хорижликларга тегишли.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ноқонуний мигрантлар 30 апрелгача Россиядаги ҳуқуқий мақомини тартибга солиши керак. Бунинг учун ички ишлар органларига мурожаат қилиш, махсус ҳисоб бўйича текширувдан ўтиш, шунингдек, бармоқ изларини топшириш керак. Горовой сўзларига кўра, 1 майдан бошлаб мигрантларнинг ўз ихтиёри билан полицияга бориш ва маълумотлар базасига маълумотларини топшириш имконияти йўқолади. Муаммони ҳал этмаганлар депортация қилинади.

5 февралдан бошлаб бошқарма тизимида назорат остидаги шахслар реестри ишлай бошлайди, унга Россияда ноқонуний бўлиб турган барча хорижликлар киритилади. Рўйхатни кунига тўрт марта янгилаш режалаштирилган. Ахборот олиш имконияти очиқ бўлади, иш берувчилар, жисмоний шахслар ва давлат идоралари мигрантнинг мақомини билиб олиши мумкин бўлади. Агар хорижлик рўйхатга кирса, унга бир қатор хизматларни олиш чекланади. масалан, ишга жойлашиш, болаларни боғча ва мактабларда рўйхатга олиш, никоҳ ва ажралиш, ҳатто чипта сотиб олиш.

«Аммо асосийси, бу чоралар жазо характерига эга эмас. Ҳуқуқий мақомингизни қонунийлаштиринг ёки кетинг», деб тушунтирди вазир ўринбосари.

5 февралдан полицияга мигрантни судга мурожаат қилмасдан мамлакатдан чиқариб юбориш ваколати берилади.

Рақамларга кўра, ўтган йили Россияга 9,5 миллион хорижлик келган, бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 4,5 фоизга кўп. 9,3 миллион киши мамлакатни тарк этган. Бугунги кунда Россияда 6,3 миллион мигрант истиқомат қилади, уларнинг 80 фоизи МДҲ давлатларидан.

Мавзуга оид