Подоляк Россия билан эҳтимолий музокараларни «иллюзия» деб атади
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Федерацияси билан музокаралар ўтказиш имкониятини «иллюзия» деб атади. Унинг сўзларига кўра, «Россия бу уруш учун етарлича юқори нарх тўлашга мажбур қилинмади».

Фото: DW
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, ҳозирда Москва ва Киев ўртасида музокаралар олиб бориб бўлмайди. У бу ҳақда 2 январ, пайшанба куни чоп этилган BBC учун шарҳида айтиб ўтди.
«Музокаралар ҳақида кўп гапириляпти, аммо бу иллюзия, - деди Подоляк. - Музокаралар жараёни бўлиши мумкин эмас, чунки Россия бу уруш учун етарлича юқори нарх тўлашга мажбур қилинмади».
Унинг фикрича, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Украинага Россия тажовузига қарши хавфсизлик кафолатларини бериши керак, улар Москвани ҳарбий жиҳатдан тийиб туришни англатиши лозим. «Бунга қандай муқобил бўлиши мумкин? Бугунги кунда муқобил вариант йўқ, - деди Подоляк. - Россия тажовузни бошлаши биланоқ, унга жавобан сезиларли даражада зарба берилишини тушуниши керак».
23 декабр куни Украина президенти девони раҳбарининг яна бир маслаҳатчиси Сергей Лешченко телемарафонда Россия билан музокаралар муқаррар эканини айтди. «Биз музокаралар муқаррар эканлигини тушунамиз ва бу музокараларда Украина кучли бўлиши керак», - деди у.
Зеленский: Киев 2025 йилда урушни тугатиш учун ҳамма нарсани қилади
Украина президенти Володимир Зеленский Киев урушни 2025 йилда тугатиш учун ҳамма нарсани қилишини айтди. Украина раҳбарининг 1 январга ўтар кечаси янги йил мурожаати давлат раҳбарининг интернетдаги расмий ваколатхонаси томонидан тарқатилди.
«2025 йил бизнинг йилимиз, Украина йили бўлсин, биз биламизки, бизга тинчлик берилмайди, лекин биз Россияни тўхтатиш ва урушни тугатиш учун ҳамма нарсани қиламиз», — деди Зеленский.
Украина раҳбари Киевнинг «Европа Украинаси» сари интилишда давом этишига умид билдирди. У 2024 йил июн ойида Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланганини эслатди.
«Украина Европа Иттифоқида бўлади ва бир кун келиб Украина НАТОда бўлади ва иттифоқни мустаҳкамлайди», деди у.