Жамият | 19:43 / 19.01.2024
12063
13 дақиқада ўқилади

Араблар нимани Урзул Бухорий деб аташади? – “Заковат”нинг йил финалидан репортаж

Мумбайдаги олий тоифали такси компанияси ҳайдовчилари нима учун ҳар куни ўз ёнларида ҳиндларнинг 1 рупийлик тангасини олиб юришлари лозим? Амир Темурнинг алифбодан дарс берган кекса устози мулла Алибекнинг қайси нуқсони сабабли бутун синф қийналган? – “Заковат” телеўйини йил финалида Фаррух Рафиқов жамоаси иштирок этди.

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Шероз Исматуллаев - метролог;

Шавкат Улуғов - муҳандис-технолог;

Фаррух Рафиқов - муҳандис-лойиҳачи (жамоа сардори);

Азизбек Абдуллаев - илмий тадқиқотчи;

Миржалол Каттаев - менежер;

Абдуғани Иноятов - шифокор.

Фаррух Рафиқов жамоаси 2023 йилнинг қишки мавсум финали – йил финалида иштирок этади.

1-раундда Ёш араб ёзувчиси Адҳам Шарқовий алам билан ёзишича, ҳозирги кунда одамлар Урзул Бухорий ҳақида Имом Бухорий ҳақида билганларидан кўра кўпроқ билиши таъкидланиб, сандиқчада араблар Урзул Бухорий деб атайдиган нима борлиги сўралди. Билимдонлар 1-раунд саволига жавоб топа олмагани боис ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

Жамоа аъзоси Абдуғани Иноятов 

2-раундда Мумбайдаги олий тоифали такси компанияси ҳайдовчилари ҳар куни ҳиндларнинг 1 рупийлик тангасидан нима ишда фойдаланиши ҳақида савол ўйналди. Ушбу савол ҳам жамоага қийинчилик туғдирди ҳисоб 0:2 кўринишини олди.

Жамоа аъзоси Азиз Абдуллаев 

3-раундда машҳур голланд рассоми Винсент ван Гог иқтибоси асосида тузилган савол ўйналди. Аввалги ўйинидан фарқли равишда бу ўйинда жамоанинг ишлари ҳадеганда юришавермади. 3-раунд ҳам телетомошабинларга бой берилди. Ҳисоб – 0:3.

Жамоа аъзоси Миржалол Каттаев 

4-раундда Амир Темурнинг алифбодан дарс берган кекса устози мулла Алибекнинг қайси нуқсони сабабли бутун синф қийналгани сўралди. Ушбу раундга келиб ниҳоят билимдонлар очко олишга муваффақ бўлди. Ҳисоб – 1:3.

Жамоа сардори Фаррух Рафиқов 

5-раундда 1369 йилда туғилган қайси машҳур ижодкор ҳақида ёзилган мақолада, у худди пилладан ажралиб чиққан капалакдек бўлган – деган ибора ишлатилгани ҳақида савол ўйналди. Муҳокама давомида тўғри жавоб жамоанинг ўзида чиққан бўлса-да, жамоа бу вариантга ишонмади ва дақиқа сўнгида клуб ёрдами олишга қарор қилди. Аммо клубдагилар ҳам бирваракайига шу вариантни айтганидан сўнг, жамоа ушбу вариантни беришга қарор қилди. Клубнинг тўғри ёрдами натижасида ҳисоб 2:3 кўринишига келди.

Жамоа аъзоси Шавкат Улуғов 

Кейинги раундда инсон 100 минг йиллар бурун бажара бошлаган қайси ишда дастлаб денгиз чиғаноқларидан фойдаланилгани ҳақидаги савол берилди. Муҳокама давомида жамоа ҳар хил кўчага кириб чиққан бўлса-да, афсуски, тўғри жавоб чиқмади. Ҳисоб – 2:4. 

Жамоа аъзоси Шероз Исматуллаев 

7-раундда АҚШда давлат котиби бўлиб ишлаган Мадлен Олбрайт хонимнинг учрашувларга турли ҳайвонлар тасвири туширилган тўғнағичларда ташриф буюргани ҳақидаги қизиқарли савол ўйналди. Бу раундда ҳам жамоа турли вариантларни ўртага ташлаган бўлса-да, улар орасида тўғри вариант йўқ эди. Ҳисоб – 2:5.

8-раундда япон ошхонаси ҳақида савол ўйналди. Япон ошхонасида 2 та жиҳатга қаттиқ эътибор қаратилиши, унга кўра, биринчи жиҳат – маҳсулот янги бўлиши кераклиги айтилиб, билимдонлардан иккинчи жиҳатни топиш сўралди. Таассуфки, бу раундда ҳам жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади ва йил финалини телетомошабинларга бой берди. Ҳисоб – 2:6.

Шундай қилиб, навбатдаги йил финалида ҳам билимдонлар жамоаси мағлубиятга учради. Шу сабабли, қоидага кўра, йилнинг энг яхши билимдони финалдаги телетомошабинлар (савол муаллифлари) жамоасидан танланди. Мадлен Олбрайт ҳақидаги савол финалнинг энг яхши саволи деб топилиши оқибатида ушбу савол муаллифи Акмал Ориповга 100 миллион сўм билан бирга йилнинг энг яхши билимдонига аталган эсдалик ҳам топширилди. 

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин. 

1-раунд. Савол муаллифи: Суҳроб Ғайбуллаев, Ғиждувон тумани

Бошловчи: Заковат сандиқчаси.

Ёш араб ёзувчиси Адҳам Шарқовий алам билан ёзишича, ҳозирги кунда одамлар Урзул Бухорий ҳақида Имом Бухорий ҳақида билганларидан кўра кўпроқ билишади. Сандиқчада бутун дунё биладиган Урзул Бухорий бор.

Диққат савол: Араблар нимани Урзул Бухорий деб аташади? Сандиқчада нима бор?

Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Сандиқда тилла тақинчоқ бор.

Тўғри жавоб: Палов. Айтишларича, Саудия Арабистонига паловни Имом Бухорий олиб борган экан. Шу сабабдан бу таомни Бухорий палови деб аташар экан. Ростдан ҳам ҳозирги кунда одамлар палов ҳақида Бухорий ҳазратлари ҳақида билгандан кўра кўпроқ билишади.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Суҳроб Ғайбуллаев 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

2-раунд. Савол муаллифи: Абдулазиз Дўстмуҳаммад, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Ходимимиз қўлидаги тангага қаранг.

Бу ҳинд 1 рупийлик тангаси. Мумбайдаги олий тоифали такси компанияси ҳайдовчиларининг чўнтагида албатта мана шу тангадан битта бўлса ҳам бўлиши талаб этилар экан. Ҳайдовчилар ҳар куни бу тангадан бир ишда фойдаланишади.

Диққат савол: Бу тангадан ҳайдовчи ҳар куни аниқ нима ишда фойдаланади?

Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Олий тоифали такси компаниялари мижозга ҳар томонлама қулайлик яратиши керак. Шу танга орқали машинада мотор ишлаётганда ортиқча силкинишлар йўқлигини билдириш учун тангани қўяди. Танга юза билан яхши овоз чиқарганидан билиб олса бўлади.

Тўғри жавоб: Ҳар куни рейсга чиқишдан олдин тангани машина баллонининг изларига тиқиб кўради. Агар баллон едирилган бўлса, тангадаги шер кўриниб қолади. Танга тўлиқ кўринса, баллонлар сифатли эмас, уни алмаштириш кераклиги айтилади. Улар ахир олий тофиали такси компаниясида ишлашади.

Ҳисоб: 0 - 2

Савол муаллифи Абдулазиз Дўстмуҳаммад 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

3-раунд. Савол муаллифи: Нигина Норматова, Чирчиқ шаҳри

Бошловчи: Машҳур голланд рассоми Винсент ван Гог “Инсонлар ҳаётининг чуқур билимдони бўлган. Инсон вафот этгач, уларнинг руҳи осмон-у фалакка аста-секин йўл олиб юлдузларга айланадилар, ўз жонига суиқасд қилганлар тез юрар транспортда у ерга етиб боришади”, – деган.

Диққат савол: Винсент ван Гог фалакдаги юлдузлар олдига оддий поезд ва кемаларда етиб борувчилар деб кимларни айтган?

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Бу транспортларни биз озгина тасаввур қилиб кўрдик. Беланчакка ўхшаб юради, ҳаракатланади деб ўйладик. Ўйлашимча, ёш болалар ва гўдаклар ҳақида гап кетяпти.

Тўғри жавоб: Тез юрар эмас, оддий юрадиган кема ва поездларда фалакдаги юлдузлар олдига – вабо каби юқумли касалликлардан касалланиб, вафот этганларни назарда тутган. Чунки улар анча ёш вафот этиб кетишлари ҳам мумкин.

Ҳисоб: 0 - 3

Савол муаллифи Нигина Норматова 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

4-раунд. Савол муаллифи: Орифжон Бобоназаров, Пахтачи тумани

Бошловчи: Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари бошланғич маълумотни муаллим мулла Алибекдан олган эканлар. Қарангки, алифбодан дарс берадиган мулла Алибекнинг бир нуқсони сабабли бутун синф жуда қийналишганлиги ёзилади.

Диққат савол: Ёши ўтган тажрибали ўқитувчи мулла Алибекнинг қандай нуқсони бўлган?

Жавобни Абдуғани Иноятов беради: Савол охирида ёши ўтган деган жумлалар ҳам бор эди. Бизнингча, ёши ўтган сари уни тишлари тушишни бошлаган ва бу нарса уни ҳарфларни тўғри талаффуз қилишига ҳалақит берган. Ўқитувчи доим ўргатётганда баъзи ҳарфларни талаффуз қилиб беради ва болалар орқасидан қайтаришади. Шунинг учун ўқувчилар ҳарфларни ўрганишга қийналишган.

Тўғри жавоб: Мулла Алибек кекса тажрибали бўлган, кекса кишиларда эса бир нуқсон пайдо бўла бошлайди. Мулла Алибекнинг олд қаторда тишлари бўлмагани учун талаффузда қийналишни бошлаган

Ҳисоб: 1 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

5-раунд. Савол муаллифи: Хуршид Турсунов, Норин тумани

Бошловчи: 1369 йилда туғилган бу машҳур ижодкор ҳақида ёзилган мақолада, у худди пилладан ажралиб чиққан капалакдек бўлган – деган ибора ишлатилган. Бу билан у ижодкорнинг қисматига баҳо берилган.

Диққат савол: Қайси ўрта аср машҳурига бу таъриф берилган?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Насимий

Тўғри жавоб: Насимийга. Саид Имомиддин Насимийга. Миср ҳукмдори Султон Муайяд томонидан териси шилиб олинган. Мақолада териси шилинган Насимий, пилладан ажралиб чиқа олган капалакка қиёсланади.

Ҳисоб: 2 - 3

Савол муаллифи Хуршид Турсунов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

6-раунд. Савол муаллифи: Хусан Ёрқулов, Ғаллаорол тумани

Бошловчи: Инсон бу ишни 100 минг йиллар бурун бажара бошлаган. Бу ишда дастлаб инсонга денгиз чиғаноқлари ёрдам берган экан. Замонавий сатириклардан бирининг фикрига кўра, эркак мияси шу пайтда бехато ишлашга ҳаракат қилар экан.

Диққат савол: Қачон эркаклар мияси чалғимай ишлайди?

Жавобни Шавкат Улуғов беради: Эркак киши аёлини алдаётганда мияси бехато ишлайди.

Тўғри жавоб: Бу пайтда инсонни хаёли чалғимаслиги керак, агар бошқа ишларга хаёли кетиб қолса лат еб қолиши мумкин. Кейин бу иш билан асосан эркаклар шуғулланишади. Бу иш соқол олиш. 

Ҳисоб: 2 - 4

Савол муаллифи Хусан Ёрқулов 8 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

7-раунд. Савол муаллифи: Акмал Орипов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Бу 1997-2001 йилларда АҚШда давлат котиби бўлиб ишлаган Мадлен Олбрайт хонимнинг ЖАР президенти Нелсон Мандела билан тушган сурати. Олбрайт хоним жуда жиддий ва чўрткесар аёл бўлган. У доим учрашувларга кийимига турли тасвирдаги тўғноғичлар тақиб борган. Бу орқали учрашган кишиларига сигнал бериб турган, учрашув ижобий тугайдими ёки салбий. Масалан, юқоридаги суратда у зебра шаклидаги танқинчоғини таққан. Бу оқ танли ва қора танли инсонлар тенглигини, шу билан музокара ижобий тугашини билдирган. 1999-йилда Югославиядаги уруш бошлангач, Олбрайт хоним бир учрашувда бу масалада савол бериш керак эмаслигини билдириш учун бир жонзот тасвирланган тақинчоқ тақиб келади. Буни кўрган журналистлар Югославия мавзусида савол беришмаган.

Диққат савол: У қайси жонзот тасвирланган тақинчоқни тақиб келган?

Жавобни Абдуғани Иноятов беради: Тахминимизча, балиқ тасвирли тўғноғич тақиб олган. 

Тўғри жавоб: Тақинчоқда бу жонзот 3 хил позада тасвирланган. Ҳеч нарса эшитмайман, деб қулоғини беркитган, ҳеч нарса кўрмайман, деб кўзини, ҳеч нарса гапирмайман, деб оғзини беркитиб олган – маймун тасвирланган. Маймун жавоби тўғри. Битта тақинчоқда 3 хил позадаги маймун тасвирланган.

Ҳисоб: 2 - 5

Савол муаллифи Акмал Орипов 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

8-раунд. Савол муаллифи: Ризо Жабборов, Кармана тумани

Бошловчи: Япон ошхонаси ҳақида кўп гаплар ёзилган. “Сакура ва эман” асарида Япон ошхонасида 2 та жиҳатга қаттиқ эътибор қаратилиши ҳақида ёзилган. Унга кўра 1-жиҳат, маҳсулот янги бўлиши керак. Иккинчи жиҳат ҳам маҳсулотга боғлиқ. Қолаверса 1-жиҳатдан келиб чиқилса мақсадга осон яқинлашишингиз мумкин.

Диққат савол: Япон ошхонасида юқори баҳоланадиган иккинчи жиҳат нима эканини топинг.

Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Маҳсулот ўзида табиий етиштирилган бўлиши керак.

Тўғри жавоб: 1-жиҳат маҳсулот янги бўлиши керак. 2-жиҳат мавсумий маҳсулотлардан фойдаланиш. Баҳорда баҳорги маҳсулотлар, кузда эса кузда пишадиган маҳсулотлардан таом тайёрлаш ҳақида кетмоқда.

Ҳисоб: 2 - 6

Савол муаллифи Ризо Жабборов 12 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Акмал Орипов (Мадлен Олбрайт ҳақидаги савол билан)

Акмал Орипов 100 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Акмал Орипов – 2023 йилнинг энг кучли билимдони!

“Заковат” телеўйини низомига кўра, йил финалида телетомошабинлар жамоаси ғалаба қозонган тақдирда, йилнинг энг кучли билимдони ҳам телетомошабинлар жамоасидан аниқланади. Шу сабабли йил финалида энг яхши савол муаллифи деб топилган Акмал Ориповга қоида тариқасида 2023 йилнинг энг кучли билимдонига аталган махсус кубок ҳам топширилди! 

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди