Жаҳон | 20:16 / 06.04.2023
22615
16 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube блокланиши кутилмоқда: кимга фойда, кимга зарар?

Россия ҳукумати қарийб барча ижтимоий тармоқларни блоклаган. Фейсбук ва Инстаграмни ҳаттоки экстремистик ташкилотлар деб атаган. Энди YouTube’ни блоклаш ғоясидан воз кечишмаганини ҳам намойиш этишмоқда.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда миш-мишлар тобора кўпайиб бомоқда. Бу масала бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, февралда платформанинг блокланишини кўплаб юқори мартабали мулозимлар, куч ишлатарлар ва пропагандачилар ёқлаётгани хабар қилинган эди.

Россияда интернет блокланишини кузатаётган бир неча экспертлар YouTube’ни блоклай олишадими, модомики бу юз берса россияликлар нима қилишлари керак, деган саволларга жавоб беришди.

YouTube’ни блокласа бўладими?

YouTube’ни блоклаш осонгина, у ҳеч қаерга «қочиб кетолмайди» (яъни кўзгу сайтлар ярата олмайди). YouTube блоклашни айланиб ўтиш учун прокси доменлар яратмайди. Хитойда ҳам бундай амалиёт бўлмаган: Google у ерда охиригача курашган, бироқ 2008 йилда барибир блоклаб ташлашган.

«2022 йил 24 февралгача Роскомнадзор YouTube’ни блоклашни эплолмаслигини айтган бўлардим. Лекин ҳозир вазият бошқача. Ҳа, бир неча ўн миллионлаб одам ортиқ видео кўра олмаслигидан аччиқланади, лекин айни вазиятда ҳукумат уларнинг реакцияси ҳақида қайғуриб ҳам ўтирмайди», дейди «Эшер II» телеграм-канали муаллифи Филипп Кулин.

YouTube’ни блоклаш мумкин. Уни тўлалигича блоклаш ҳам шарт эмас, барча йирик алоқа операторларига уларда ўрнатилган Google ускунасини узиб қўйиш буюрилса бас.

«Бу ускуна Google Global Cache деб аталади. Унинг ишлаш принципи шундай: сиз ролик томоша қила бошлаганингизда унинг нусхаси умумий сервердан маҳаллий серверга кўчирилади. Видеони кўраётган кейинги одам энди алоқа операторида бўлган маҳаллий серверга мурожаат қилади. Google Global Cache улкан трафикни тежайди, чунки видео оғир контент. Ҳудудий операторлар бу технология трафикни ўнлаб мартагача иқтисод қилишга ёрдам беришини айтишган», — дейди Интернетни ҳимоялаш жамияти директори, «За Телеком» телеграм-канали муаллифи Михаил Климарёв.

Мутахассисга кўра, агар ўша локал сервер узиб қўйилса, барча магистрал каналлар YouTube трафиги билан тиқилиб қолади ва бу ҳол YouTube сайти тўла қулашига олиб келади. Ҳозиргача бундай блоклаш амалга ошмаган ва унинг оқибатлари қандай бўлишини ҳам ҳеч ким билмайди.

Таҳдидларга қарши турувчи техник чоралар (ТҚТЧ) шарофати билан ҳозирда Google ва унинг бошқа сервисларига тегмасдан, YouTubе’нинг ўзини блоклаш мумкин. Бу сўнгги бир неча йилда Россиядаги интернет провайдерлар ўрнатиши шарт бўлган қутилардир. 

«Аввалига ТҚТЧ провайдер Роскомнадзор кўрсатган сайтларни блоклаётганини текшириб туриш учун фойдаланилган. 2020 йилдан бошлаб бу қутилар нафақат текширади, талаблар бажарилаётганини ҳам назорат қилиб, ўзидан барча трафикларни узатади, нималарни блоклаш кераклиги ҳақида сигнал ҳам узатади», — дейди Addmeto телеграм-канали муаллифи, «Яндекс»нинг технологияларни тарқатиш бўйича собиқ директори Григорий Бакунов.

Ҳозир улар нафақат уланишни блоклаши, уни секинлаштириши ҳам мумкин: аслида улардан кўзланган мақсад ҳам шу бўлган. Соф назарий жиҳатдан агар уриниб кўрилса, ТҚТЧ билан барча VPN’ларни ҳам блоклаб қўйиш мумкин. Гап шундаки, VPN нафақат блоклашни четлаб ўтиш, шунингдек корпорациялар ички хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам фойдаланилади.

Ҳозир бу ТҚТЧлар айнан керакли нарсани блоклаш учун керак: улар муайян сайтларни, муайян трафик турларини, муайян IP-манзилларни блоклай олади.

Масалан, Хитойда фойдаланилаётган ечимлардан ТҚТЧ нимаси билан фарқ қилади?

ТҚТЧ ўзи танлаб блоклаши мумкин — битта компютерда жойлашганига қарамасдан айрим сайтларни блоклаши, бошқасига тегмаслиги мумкин. Улар, масалан, Google-қидирув ёки Android’нинг янгилаш тизимига тегмай туриб, YouTube’нинг ўзини блоклаши мумкин. 

Россия чиндан ҳам YouTube’ни блоклашга ҳозирланмоқдами? Бу тайёргарликни сезиш мумкинми?

Роскомнадзорнинг янги блоклашга тайёргарлик кўраётганини кузатиш имконсиз. Улар аслида нима билан шуғулланаётганини ҳам англаш қийин: янги муаммоларни ахтаришяптими, янги технологияларни синовдан ўтказишмоқадими ёки бирор нарсага жиддий тайёргарлик кўришмоқдами? Масалан, VPN’ни блоклашни Роскомнадзор турли йўллар билан синаб кўради. 

«Уруш давом этар экан, барча томонларга бир бирини кузатиб туриш фойдали. YouTube’нинг шу вақтгача блокланмаганига сабаб, Роскомнадзор ҳарбийлар билан бу борада келиша олмагани ҳам бўлиши мумкин», — дейди Филипп Кулин.

Григорий Бакуновнинг фикрича, ҳозирча ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаяпти. YouTube’ни тезда ва кескин блоклаш мумкин, шунчаки Роскомнадзор бу билан шуғулланишни ўзига эп кўрмаган. Сўнгги вақтларда эса ахборот оламида кўп нарса ўзгарди.

Россияда блокланса YouTube нима қилади?

YouTube блоклашга қандайдир реакция кўрсатиб, намойишкорона Россияни тарк этади, деб бўлмайди. Хитойдаги амалиёт кўрсатадики, Google доим сўнгги лаҳзагача ҳаммасини изга туширишга уриниб кўради.

«Бунга жавобан Google VPN-сервисларга яширинча ҳомийлик қила бошлаши мумкин. Лекин очиқ бирор хатти-ҳаракатга қўл урмайди. Пул ва капитал борасида Россия Google учун миттигина мамлакат. 140 млн одам Хитойга солиштирилганда 10 баробар кичик», — дейди Филипп Кулин.  

Агар YouTube блокланса, Google Россияни ўз сервисларидан узишни бошлаши мумкин. Бу жиддий муаммо келтириб чиқаради.

«Излаш сервисидан ташқари, гугл-ҳужжатлар, гугл-таҳлиллар ва миллионлаб россияликлар фойдаланаётган Андроид операцион тизими ҳам бор. Google’нинг ўзи Россияда ўз сервисларидан фойдаланишни тақиқлаб қўйса нималар бўлишини ҳеч ким билмайди. Айни пайтда мана шу хавф устида ҳам бош қотирилмоқда», — дейди Михаил Климарёв.

2008 йилда YouTube Покистонда блокланган. Бу трафик ҳажми кескин ўсишига олиб келган, алоқа операторларининг магистрал линиялари қулаган ва телекоммуникацион коллапс юзага келган. Эронга эса, масалан, Google ҳеч қачон қадам босмаган. Инглиз тилини биладиган эронликлар VPN ёрдамида YouTube’дан бемалол фойдаланишади.

«Покистан дам-бадам YouTube’ни тўлиқ блоклаб туради, одамлар платформага уланолмай қолади. Лекин вақти-вақти билан очиб ҳам туришади, бу порталга жойланаётган видеолар мазмунига боғлиқ. Туркияда ҳам YouTube шунчаки ёпиб қўйилган пайтлар бўлган — бироқ бу вақтинчалик чоралар эди.

Хитойда YouTube йўқ — лекин маҳаллий кучли ўйинчилар борлиги туфайли у ерда одамларга фарқи йўқ.

YouTube Россиядан кетмаслиги керак, россияликлар эса пуллик VPN сотиб олавериши лозим», — деб ҳисоблайди Григорий Бакунов.

VPN блоклашда ёрдам берадими?

Текин VPN видеосервислардан фойдаланишга мўлжалланмаган. Бунинг учун катта трафик ҳажми керак бўлади, улар асосан мессенжерлардаги матнларни қабул қилишга мўлжалланган. 

Пуллик VPN’лар видео кўрувчи фойдаланувчиларга ҳам сифатли хизмат кўрсата олади. Аммо бу ҳолатда кўплаб VPN сервислари хорижда жойлашгани ва уларга Россиядан туриб пул тўлаш қийинлиги юзага чиқади.

«Энг қизиғи, бундай компаниялар YouTube’нинг ўчирилишидан мазза қила олишмайди. Ҳозир кўплаб фойдаланувчилар YouTube’га тўғридан тўғри уланишади, энди тўғридан тўғри борган трафик VPN орқали йўналтирилишини тасаввур қилинг. Ҳаммаси қийинчиликларсиз ишлаб кетиши учун бу катта миқдордаги янги серверларни, каналларнинг кенгайтирилишини талаб қилади. Улкан ҳажмдаги трафик тўғридан тўғри кетаётган жойда кутилмаганда VPN орқали ўтиши ҳодисаси ҳали дунёда кузатилмаган», — дейди Григорий Бакунов.

2022 йили Россияда блокланган Instagram трафик ва ахборот ҳажми бўйича Youtube’дан анча кичик, шу сабабли текин VPN орқали уни кузатиш мумкин. Лекин, барибир Instagram’да VPN орқали видео томоша қилиш қийин, шу сабабли Россияда қолган инстаблогерлар ўз аудиториясининг катта қисмини йўқотган.

Instagram блоклангач, Россия ҳокимияти VPN’га қарши урушда енгилди. Instagram аудиторияси — бу оддий одамлар, уларнинг кўпчилиги тармоқда бизнес юритишган. Блоклашгача уларнинг кўпчилиги VPN нималиги, ундан қандай фойдаланишни ҳам билмаган. 

«YouTube’нинг ўзи бундай блоклашдан ҳеч ҳам зарар кўрмайди: Россия билан пул борасидаги муносабатларни у уруш бошлангани ҳамоно бас қилган. Шундай ҳазил ҳам бор: Россияликлар Youtube’нинг энг фаол фойдаланувчилари, чунки уларга реклама кўринмайди. Яъни Google йўқотиши мумкин бўлган пулларни аллақачон йўқотиб бўлган», — дейди Филипп Кулин.

Бироқ, уруш бошлангандан сўнг барча урғулар ўзгарди — Украинада одамлар ўлдирилмоқда, ҳеч ким пулга қараб ўтиргани йўқ: санкциялар борми — бор, тақиқлар борми — бор. Америка компанияси сифатида Google уларга риоя қилади. 

Аслида, VPN машҳурлигининг ортиши Россия ҳокимияти учун яна бир муаммо. Кўпчилик YouTube томоша қилишга ўрганиб қолган ва томошани давом эттиришни истайди. Россиялик интернет фойдаланувчиларининг 20–25 фоизи VPN-сервислардан фойдаланади, янги блоклаш юзага келганда уларнинг сони албатта ортади. Буларнинг барчаси YouTube’ни блоклашга бўлган уринишларни нолга тенглаштиради: россияликлар ундан фойдаланишда давом этаверишади. Яъни кейинги қадам — VPN’ни блоклаш бўлади.

«VPN-сервислар ишламай қолишига ҳам эришиш мумкин. Уларни блоклашнинг бир неча усуллари бор. Айни дамда Россияда VPN’ларнинг энг йириклари блокланмоқда. VPN-сервислар блокланишга қаршилик кўрсатиб келмоқда, лекин бу фойдаланувчилар тажрибасига таъсир ўтказмоқда, чунки улар узилишлар билан ишламоқда», — дейди Михаил Климарёв.

Боз устига, Россия ҳокимияти протоколлар бўйича блоклашни билади. Бунақа блоклаш бизнесга катта таъсир ўтказади, чунки кўплаб компаниялар компания офиси ичида хавфсиз боғланиш учун VPN’дан фойдаланишади. Бундан ташқари, банкоматлар ҳам хусусий VPN ичида ишлайди — бу ҳам хавфсизлик учун қилинган. Шу сабабли, протоколлар бўйича блоклаш «Сбер» каби сервислар қулашига олиб келади.

Ҳукуматга YouTube’ни блоклаш ўзи нима учун керак?

«Бу сиёсат. YouTube’да контентни назорат қилиб бўлмайди. Блоклаш орқали улар Россия аҳолиси фақат «ишончли манбалар»дан олинган видеоблогларни томоша қилишига эришмоқчи», — дейди Григорий Бакунов.

Аслида, YouTube ва йирик нашрлар ҳокимиятнинг жиғига тегувчи воситалар. Ҳар қандай тақиқ тақиқловчилар учунгина керак.

«Ҳокимиятдагиларга ўзларининг фош қилинишини томоша қилиш ёқимсиз. Улар одамлар ҳам бу нарсаларни кўраётгани билиб, жуда жаҳлланишмоқда. Шу сабабли бу муаммони блоклаш билан ечишмоқчи. Лекин ҳар қандай блоклаш кўзланган натижага олиб бормайди», — дейди Филипп Кулин.

Ҳукуматнинг вазифаси — одамларга мустақил ахборот келиб тушишининг олдини олиш, YouTube эса айни дамда унинг энг катта манбайи.

«Россияда YouTube’нинг 80 млн кишини қамраб олган йирик аудиторияси бор. Кўплаб россияликлар айнан ўша ердан ахборот олишади, чунки қолганлари блокланган», — дейди Михаил Климарёв.

Бошқа томондан, пропагандачилар ҳам Youtube’да канал юритиш учун катта маблағ сарфлашган. Уларнинг каналлари пайдар-пай блокланмоқда, бироқ ўрнига бошқалари очилмоқда.

Агар YouTube барибир блокланса, россияликларда бошқа муқобил қоладими?

«Муқобил иккита: қарийб YouTube’нинг тенгдоши бўлган Rutube бор, ўз видеосервисини яратаётган ва уни урушга боғламасдан ривожлантираётган VK ҳам бор», — дейди Филипп Кулин.

Rutube ва VK қандайдир муқобил яратмоқчи бўлаётган бизнес лойиҳалардир. Rutube ва VK тижорат ташкилотлари ҳисобланиб, улар трафик ҳажмини ва фойдаланувчилар сонини ошириб, пул ишламоқчи. Шу сабабли улар контент лойиҳалари ва студияларни сотиб олмоқда.

«Бу йўл билан улар агар YouTube блокланса контент тақчиллиги масаласини ҳал қилмоқчи. Лекин тушуниш керакки, YouTube’нинг блокланиши контент истеъмолчилари учун ҳам тармоқ учун ҳам техник нуқтайи назардан шокли сценарий», — дейди Михаил Климарёв. 

Россияда YouTube’га муқобил сервис яратиш ҳақида гап-сўзлар 2018–2019 йиллардан буён бормоқда. Ўшанда асосий йўналишлар VK ва Rutube бўлган. Кўпроқ видеолар Rutube’га қўйилган, ҳозир эса VK’нинг қўли баланд келмоқда.

«Чунки VK’даги йигитлар билимлироқ ва энг зўр ечимларни қабул қилишмоқда. Бу — биринчидан.

Иккинчидан, VK «тухумми ё товуқ» муаммосини ҳал қилган. Чунки ҳар қандай видеосервис тузилар экан, у ерга фойдаланувчини қандай жалб қилиш мумкин, деган савол кўндаланг бўлади. Платформада янги видеолар сони кўп бўлмаса фойдаланувчи кирмайди. Фойдаланувчи бўлмаса, у ерга муаллифлар видео юкламайди.

Бу Rutube’нинг энг катта муаммоси: одамлар у ерга блогерлик контенти йўқлиги сабабли киришмайди. Блогерлар эса у ерга аудитория йўқлиги учун видео юклашмайди. Бинобарин пул ишлай олишмайди, чунки улар рекламани қамров ва аудитория туфайли сотишади», — дейди Григорий Бакунов.

Ҳа, VK’да бундай муаммо йўқ. Рунетнинг ҳар бир фаол фойдаланувчиси у ерда профилга эга. Тез-тез бўлмаса ҳам, у ерга кириб туради ва платформанинг илгарилашига ёрдам беради. Ҳозир барча VK’да «Биз тайёрмиз, YouTube’ни ўчираверинглар» деган имони кутиб турибди.

YouTube’нинг иккита муҳим таркибий қисми бор: бири — видеони томоша қилиш бўлса, иккинчиси — тавсиялар тизими. YouTube фойдаланувчиларининг катта қисми ҳеч кимга обуна бўлмаган, уларни обуна бўлишга жалб қилишади: «обуна бўлинг, қўнғироқчани босинг», қабилида. Лекин кўпчилик YouTube тавсиялари асосида яшайди. Бу йиллар давомида сайқалланган тизим ва уни такрорлаш жуда қийин.

Россия платформаси ясалган тақдирда ҳам, фойдаланувчи YouTube’дан VK’га ўтиб, ўзи учун чиндан қизиқарли нарсани топа оладиган қилиш қийин. YouTube аллақачон инсонларнинг қизиқишларини билади, VK эса йўқ. Хуллас, YouTube ўчирилганидан сўнг айни дамда Россияда жуда машҳур бўлиб турган видеоблогерларнинг катта қисми ҳаётдаги ўрнини йўқотиб қўяди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди