Клоппнинг сеҳри тугадими? АПЛ 9-турининг асосий воқеалари

Спорт 23 Октябрь 2017 6642

Интернетда Юрген Клоппнинг «Ливерпуль»нинг аввалги мураббийлари билан солиштирилган статистикалари «изғиб юради» ва у ерда немис мураббийининг кўрсаткичлари ҳамкасбларидан пастроқ эканини кўрасиз. Аммо айнан бир жиҳат Клоппнинг Ливерпулдаги ишлари муваффақиятлироқ эканини ифодаларди – Клопп қўл остида жамоа айниқса, топ клублар билан жуда яхши ўйин намойиш қилар ва ижобий натижа қайд этади.

Масалан, ушбу мавсум бошлангунча, «Ливерпуль» Юрген Клопп қўл остида топ-6 га қарши 17 ўйинда майдонга тушган бўлса, атиги 1 маротаба мағлубиятга учраганди холос. Ўша ўйин ҳам катта ташаббус билан «Ливерпуль» устунлигида ўтган, аммо Луи ван Гаалнинг «Манчестери» ҳимояда яхши ўйнаб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Ушбу мавсумда бу сеҳр ишламаётган кўринади, Клопп аллақачон топ-6 жамоаларига қарши 4 ўйин ўтказишга улгурди ва улардан иккитасини йирик ҳисобда бой берди, тўплар фарқи – 1:9. «Манчестер Сити»дан мағлубият (0:5) кўпроқ ўйин бошларида Садио Маненинг майдондан четлаштирилиши билан изоҳланган бўлса, «Уэмбли»да «Тоттенҳэм» рақибга умуман имконият қолдирмади – 1:4.

«Ливерпуль»нинг аввалги катта ўйинидаги (МЮ – 0:0) дурангидан сўнг, Юрген Клопп рақибнинг ўта ҳимоявий ўйнаганини таъкидлаб, унинг жамоаси ҳеч қачон бундай ўйнашни ўзига эп кўрмаслигини айтганди. Жаноб Клопп энди бу фикрларини қайта кўриб чиқар, баъзида ҳимояланиш ҳам шармандалик эмаслигини англаб етар, акс ҳолда ҳисоблар шармандали кўринишга келиб қолсачи?

 

«МАРАДОНА БЎЛСАНГ, ЎЗИНГГА!»

«Тоттенҳэм» – «Ливерпуль» ўйинига аргентиналик футбол қироли Диего Марадона ташриф буюрди ва ўйинни мезбонлар хўжайини Даниэл Леви билан бирга ўтириб томоша қилди. Марадона ўз вақтида Моурисио Почеттино билан терма жамоада бирга ўйнаган ва яқин дўст бўлган, унинг «Тоттенҳэм»га хайрихоҳ бўлиши сабаби балки шудир.

Танаффус пайтида Диего Марадонага «Тоттенҳэм»нинг рамзий либоси тақдим этилди ва у жамоанинг фахрий мухлиси экани эълон қилинди. Қизиғи, «Уэмбли» стадиони Марадонани ҳам, унинг фан клубга «қабул қилингани»ни ҳам кутилганидек илиқ қарши олмади.

Сабаби маълум, жаҳон чемпионатларидаги бир қатор жанжалли ўйинлардан сўнг, Англия ва Аргентина терма жамоалари мухлислари ўртасида ўзига хос зиддият юзага келган. Бунга дастлабки ғиштни қўйган футболчи эса, айнан Диего Армандо Марадона ҳисобланади. Эсингизда бўлса, ЖЧ-86 чорак финалида унинг қўли билан Питер Шилтон дарвозасини ишғол қилиши катта шов-шув ва жанжалларга сабаб бўлган эди. 

 

«ҚОЙИЛ, ДЕБЮТАНТЛАР»

9-турда АПЛнинг ушбу мавсумдаги дебютантлари юз фоиз ғалаба қозондилар. «Брайтон»нинг сафарда «Вест Ҳэм» устидан йирик ғалабаси, «Ҳаддерсфилд»нинг «Юнайтед»ни енггани кўпчилик учун кутилмаган бўлса, «Ньюкасл»нинг лигадаги тажрибаси етарли.

Умуман, мавсумда учала жамоа ҳам ёмон иштирок этишмаяпти ва турнир жадвалида 11-ўриндан юқорида боришмоқда. Рафа Бенитес жамоаси икки йил олдин АПЛда ўйнаган ва таркиб жиҳатидан сақланиб қолинган. Аммо «Брайтон» ва «Ҳаддерсфилд»нинг асосан Чемпионшип тажрибасига эга бўлган футболчилардан тузилган таркиби юқори лигада мана шундай натижаларни қайд этаётгани таҳсинга сазовор, албатта. 

 

КУМАН ЁКИ БИЛИЧ?

«Кристал Палас» ва «Лестер» клубларидаги бош мураббий истеъфоларидан кейин, навбатдаги муввафақиятсиз мураббий ким бўлади? «Вест Ҳэм» ва «Эвертон»нинг натижаларидан келиб чиқсак, айнан Славен Билич ва Роналд Куман асосий номзод эканини тахмин қилиш қийин эмас. 9-турда ҳар икки жамоа ҳам ўз майдонида йирик ҳисобда мағлубиятга учрашди. 

Қизиғи, ҳар икки мураббий ҳам аввалги мавсумларни у қадар ёмон ўтказмаган ва ушбу мавсумда ниҳоят Топ-6 га яқинлашиш учун таркибни кучайтиришга етарлича ҳаражатлар қилганди. Аммо трансферлар жамоаларга ёрдам бермаяпти. Охирги йилларда асосан Европа Лигаси зонасидаги ўринларни барқарор тарзда олиб юрган «Эвертон» ва «Вест Ҳэм» бугунги кунда хавфли зонада қолиб кетмоқда.

 

КОНТЕ БОШОҒРИҒИ

Бу вазият «Манчестер Юнайтед»даги Рэшфорд-Марсиял жумбоғига ўхшайди. Эсингизда бўлса, мавсум бошида Моуриньо Рэшфордни асосий таркибга қўйса, ўзини кўрсата олмай, ўрнига тушган Марсиял самарали ҳаракат қилар, аммо мураббий таркибни мос равишда ўзгартирса, энди, Марсиял ишончни оқламай, Рэшфорд захирадан тушиб фойда келтирарди.

Конте ҳам «Челси» ҳужум чизиғида мана шундай ҳолатда дуч келиб қолган. «Кристал Пэлас»га қарши ўтган ўйинда, Алваро Мората жароҳати туфайли майдонга туша олмаган, ҳужумдаги унинг ўрнини эса Батшуайи эгаллаганди.

Бельгиялик ҳужумчи ўша ўйинда ишончни оқлай олмади ва 57-дақиқада алмаштирилди. Антонио Конте ўйиндан кейин ушбу ҳужумчидан жуда норози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Уотфорд»га қарши ўйинда эса, Мората асосий таркибда ҳаракат қилди ва унинг майдонда эканини ҳеч ким сезмади. 61-дақиқада унинг ўрнига майдонга тушган Батшуайи ўзига ажратилган ярим соат вақт ичида ҳам ҳисобни тенглаштирди, ҳам тўртинчи голни уриб, учрашувга нуқта қўйди. Кейинги ўйинларда майдонга ким тушаркин?

 

ТУР ИҚТИБОСИ: Жозе Моуриньо:

«Бугун рақиб хақли равишда ғалаба қозонди. Йўлакда кетаётганимда Эрреранинг интервьюси қулоғимга чалинди. У футболчиларда ўйинга бўлган муносабат тўғри бўлмаганини айтаётганди. Эй, худойим, бу нима деган гап? Менимча, барча футболчи ҳам менга ўхшаб, матбуот анжуманига бориб, нима бўлганини тушунтириб беришлари лозим».

Иорданиялик таниқли рассом Умар Мўмани бу фикрларга ўзига хос тарзда эътибор қаратди:

Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си бу турда ҳам ишончли ғалабага эришди, «Бёрнли» 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди ва жамоа турнир жадвалида энг яқин таъқибчиларидан 5 очко илгарилаб кетди. 

Турнир жадвали:

РАҚАМЛАР

  • «Эвертон»га қарши ўйининг ўзида Месут Ўзил 8 маротаба шерикларига қулай вазиятлар яратди. Бу ушбу мавсум учун энг катта кўрсаткичдир.
  • «Ҳаддерсфил Таун» 1952 йилдан буён биринчи маротаба «Манчестер Юнайтед» устидан ғалаба қозонди
  • «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда «Ливерпуль» АПЛдаги ўзининг 1000-голини ўтказиб юборди ва шу кўрсаткичга етиб борган олтинчи жамоа бўлди.
  • Ҳарри Кейн 2017 йилдаги барча мусобақаларда ўзининг 38-голини уришга муваффақ бўлди. Европада фақат Лео Месси (47) уни ортда қолдирмоқда. Агар терма жамоадаги голларни ҳам қўшсак, Кейннинг голлари сони 45 тага етди.
  • «Ливерпуль» ушбу мавсумда сафар ўйинларида 5 гол уриб, 15 гол ўтказиб юборган. Бу лигадаги энг ёмон кўрсаткичдир.
  • Уэйн Руни «Арсенал» дарвозасига ўзининг 12-голини уришга муваффақ бўлди. У лондонликлар дарвозасига энг кўп гол урган футболчидир.
  • Серхио Агуэро «Манчестер Сити» сафидаги ўзининг 177-голини урди ва клуб рекордчиси Эрик Брукка етиб олди.
  • Маркус Рэшфорд АПЛдаги 13-голини урди. «Тинежер» ёшда (20 ёшга тўлмаган) «Юнайтед» учун энг кўп гол урган футболчи Уэйн Рунидир – 15 гол. Ушбу рекордни такрорлаш учун Рэшфорд келаётган шанба куни икки гол уриши шарт. Чунки у 31 октябрь куни 20 ёшга тўлади.