Порошенко намойишчиларнинг мақсади аслида нима эканини айтди

Жаҳон 20 Октябрь 2017 15148

Украина президенти Пётр Порошенко Киевда Олий рада биноси ёнида ўтказилган норозилик намойиши ташкилотчиларининг мақсади мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш бўлган, деб айтди. Бу ҳақда РИА «Новости» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

«Киев марказида ўтган намойиш ташкилотчиларининг асл мақсади Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш бўлган», деб айтди Порошенко чегарачилар олдида сўзлаган нутқида.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари улар олдига қўйилган вазифанинг уддасидан чиқишган ва Рада олдидаги намойишда қон тўкилишига йўл беришмаган.

18 октябрь куни Олий рада ёнидаги Конституция майдонида намойишчилар Порошенкога тегишли Roshen қандолатчилик фабрикасининг конфет ва шоколадларидан «Петя, чайна» деган ёзувни тизиб чиқишганди.

Киев марказидаги намойишлар бир неча кундан бери давом этмоқда. Намойишчиларнинг бир қисми Порошенкодан парламентга аксилкоррупцион суд ҳақидаги қонун лойиҳасини киритишни талаб қилмоқда. Одессанинг собиқ губернатори Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаётган намойишчилар эса Порошенконинг истеъфосини талаб этишмоқда.