Пиёдалар ўтиш йўлагида ҳаракатланган ҳайдовчига жарима борми?

Жамият 18 Октябрь 2017 33172

Ўзбекистон Республикаси йўл ҳаракати қоидаларининг 72 бандига мувофиқ транспорт воситалари ажратилган бўлак ва йўл ёқаси, тротуар ва пиёдалар йўлагида ҳаракатланиши тақиқланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими инспектори майёр Алишер Абдуқодиров “Правда Востока” нашрига айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига асосан транспорт воситаси ҳайдовчилари пиёдалар йўлагида ҳаракатлангани учун энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима тўлайди. 

Ушбу қоидабузарликни маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг бир йил мобайнида содир этса, энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 4 баробаригача жарима ёки транспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум этиш чоралари кўрилади. 

Таъкидланишича, пиёда қоидабузарлик юзасидан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилиши мумкин. Бунда унинг тасдиқловчи фото ёки видео тасвири, шунингдек, гувоҳлари бўлиши талаб этилади.