Виртуал ва Халқ қабулхонасига 208 марта мурожаат қилган шахснинг муддаоси нима эди?

Жамият 13 Октябрь 2017 107014

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги фармонига кўра ташкил этилган Халқ қабулхоналари халқ билан доимий мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилишида, мансабдор шахслар масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бироқ, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учрайдики, яратилган шароит ва имкониятлардан фақат ўз манфаатини қондиришни кўзлайди, ҳатто ғараз ниятини шу орқали амалга оширишга уринадиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай мурожаатлар сабаб бошқа бировнинг манфаатига путур етади, айни вақтда кўплаб идораларда ортиқча вақт ва қоғоз сарфи, беҳуда ўрганишларга сабаб бўлади, деб ёзилади «Қашқадарё» газетасида.

Масалан, Шаҳрисабз туманилик Б.Ҳ. бир эмас, ўн эмас, нақ 208 марта Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонага мурожаат қилган. Ўрганишларда аён бўлишича, аслида унинг бировга муҳтожлик жойи йўқ. Шунчаки ёзишни, бўлар-бўлмасга ариза йўллашни одат қилиб олган. Бир қанча талаблари инобатга олиниб, мурожаатлари қаноатлантирилган ҳам. Қараган – нима талаб қилса, зумда бажариб беришаяпти, айтгани-айтган, дегани-деган. Бу кимга ёқмайди дейсиз?! Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси борда. Охирги гал у Қарши туманида қурилаётган арзонлаштирилган уйлардан олмоқчи бўлиб ариза ёзди. Унинг бу талаби ҳам бажарилди – ҳатто уй учун тўланадиган дастлабки тўловнинг тенг ярми, яъни 8 миллион сўмдан кўпроқ маблағ унинг номига ўтказиб ҳам берилди. Аммо Б.Ҳотамов ҳали-ҳамон ёзишда, кўплаб идоралар масъулларини сарсон қилишда давом этмоқда.

Нишонлик И.Қ. эса ўз мурожаатида ёзда боши, қишда эса бутун танаси қақшаб оғришини айтиб, ҳар ойда 300 минг сўмдан ёрдам пули бериб туришларини сўраган. Тегишли идоралар масъуллари бориб кўришса, эндигина ўттиздан ошган бу йигитнинг тўрт мучаси ҳам соғ, у шунчаки «ётиб ейиш»га кўниккан ёки шуни истаган.

Қарши шаҳрилик Қ.П. адовати сабабни, ё «адолат» истабми, бир мактаб директорини ишдан олишни сўраб, салкам 50 марта ариза ёзган. Шунга кўра, директор фаолияти тегишли органлар томонидан бир неча марта текширилган. Бироқ қонунга зид ҳолатлар аниқланмаган. Нияти амалга ошмаган хусуматчи охири директорнинг олдига келиб, агар 1000 доллар берсанг тинч қўяман, деб таҳдид қилган. Мана, унинг асл мақсади нимадан иборат бўлган. Ваҳоланки, унинг шикоят хатлари гўёки таълим сифати ва самарадорлигини таъминлашга қаратилгандек эди. Била туриб ёлғон маълумот тарқатгани ва тамагирлик истаги сабаб унинг ўзи тегишли жавобгарликка тортилди.

Аҳолини ўйлантираётган масалалар, сарсону оворагарчиликларга сабаб бўлаётган муаммоларга ечим топилиб, одамларнинг адолатга, давлатга ишончини янада мустаҳкамлашга ҳаракат бўлаётган бир пайтда айрим кимсаларнинг арзимаган нарса юзасидан ёхуд ўз манфаатини кўзлаб такрор ва такрор мурожаат қилиши яратилган қулайликларга нисбатан беписандликдан бошқа нарса эмас.

Шундай экан, барчамизга билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмайлик. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга ўрганайлик. Бу қўлимиздан келмаса, ҳеч қурса ёмонлик қилмайлик, бировни ортиқча ташвишга қўймайликки, бу ҳам яхшилик қилиш билан баробар.

Мусо МУРОДОВ