Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари автобус қатнови орқали боғланади

Ўзбекистон 13 Октябрь 2017 8575

Қозоғистон парламенти томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги келишувга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома ратификация қилинди.

Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида баённомани муҳокама қилиш чоғида инвестициялар ва тараққиёт бўйича вазир Женис Қосимбекнинг қайд этишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳозирда йўловчилар учун автобус қатнови мавжуд эмас. Қосимбекнинг таъкидлашича, бу чегарани кесиб ўтишда ноқулайликлар туғдиради.

Унинг сўзларига кўра, баённома йўловчиларни автомобиль транспорти орқали мунтазам, мунтазам бўлмаган ва транзит ташувларини амалга ошириш учун ҳуқуқий нормаларни белгилайди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга ижобий туртки бўлади, дея таъкидлаб ўтди вазир. Баённома аҳолининг ҳаракатланиш даражасини ошириш ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон жорий йил охиригача йўловчи ташиш йўналишларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Унинг таъкидлашича, мамлакатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида мунтазам автобус йўналишлари очилади.