«UZAGRO» бренди «сархил мева-сабзавотлар рейслари»га старт берди

Ўзбекистон 13 Октябрь 2017 15707

«Uzagro» бренди остидаги ўзбек мева ва сабзавотларнинг «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли экспорти мазкур соҳадаги экспорт ҳажмини ошириш суръатларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. 

Энди «Uzagro» бренди маҳсулотларини ташиш ишлари нафақат авто ва темир йўл орқали, балки авиатранспорт орқали ҳам амалга оширилмоқда.

11 октябрь, чоршанба куни «Uzagro» бренди остидаги авиамаҳсулотларнинг биринчи партияси «Ўзагроэкспорт»нинг Москва шаҳридаги савдо уйи манзилига йўлланди. Ўн турдан ортиқ сархил ва қуритилган мевалар, шунингдек 40 тонна узум чартер рейс орқали Россияга жўнатилди. 

Мева-сабзавот маҳсулотларини авиатранспорт орқали ташиш Россия бозоридаги харидорларга юқори сифатли сархил, экологик тоза маҳсулотни сотиб олиш имконини беради. 

Фото: Uzagro

Ўзбекистон шунингдек Россиянинг энг йирик Х5, Магнит, Холидей, Мария-Ра каби савдо тармоқлари билан сархил ва қайта ишланган мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб беришга доир шартномаларни имзолади. 

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК вакилларининг маълум қилишича, бундан буён «сархил мева-сабзавот рейслари»ни ҳар ҳафта доимий равишда амалга ошириш режалаштирилмоқда.