Трамп Obamacare’ни четлаб ўтишга имкон берувчи фармонни имзолашни эсдан чиқарди

Жаҳон 13 Октябрь 2017 4512

АҚШ президенти Дональд Трамп америкаликларга соғлиқни сақлаш ислоҳоти Obamacare бандларини четлаб ўтишга имкон берувчи фармонини имзолашни эсдан чиқарди.

У бу фармонга бағишланган нутқидан кейин ҳужжатни стол устида имзосиз қолдирган ҳолда чиқиш томон йўналган.

Трампнинг бу шошқалоқлиги атрофдагиларнинг кулгисини қистаган. Трампга фармонни имзолаш кераклигини вице-президент Майкл Пенс ва сенатор Ренд Пол эслатишган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама томондан қабул қилинган ва унинг шарафига аталувчи Obamacare ислоҳоти АҚШда мажбурий тиббий суғуртани жорий қилишни кўзда тутади. Бу фармон қабул қилингандан кейин бюджет харажатлари ўсиши билан бирга, суғурта полисларининг нархи ҳам ошган.

Янги фармон эса кичик корхоналарга Obamacare’ни четлаб ўтиб, ўз ходимлари учун тиббий суғурта сотиб олишга имкон беради. Шунингдек, у қисқа муддатли арзон суғурта полисларига эгалик қилиш имконини ошириши керак.

Тиббий суғурталашнинг самарали тизимини яратиш Трампнинг сайловолди дастурининг муҳим бандларидан бири бўлган. Бироқ сенатда Obamacare’ни буткул бекор қилиш бўйича келиша олинмаяпти.