Сараланган ёшлар етакчилари Вестминстер​ ва Инҳа университетларига ўқишга қабул қилинади​

Жамият 13 Октябрь 2017 7912

Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган сараланган ёшлар етакчилари Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетида ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев хабар берган.

Республиканинг намунавий ва ихтисослашган мактабларидан саралаб олинган 28 нафар ёшлар етакчиси учун Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида 16-21 октябрь кунлари ўқув-тренинглари ташкил этилмоқда. Бу лойиҳа илк бора Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.

Вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаевнинг Kun.uz'га хабар беришича, ушбу лойиҳа тубдан ўзгартирилган, иштирокчиларга фойдали маълумот бера оладиган ва келгуси ишларни мониторинг қилиб бориш имкониятига эга тизим шаклида амалга оширилмоқда. 

«Вазирликнинг мақсади битта: жойларда ташкил этилган намунавий ва ихтисослашган мактаблар​ фаолияти орқали ёш кадрларни янгича ишлашга ўргатиш. Бу лойиҳанинг илк босқичи бўлиб, шу каби ўқув курслари АТ йўналишида Тошкентдаги Инҳа университетида, хорижий тилларни ўқитиш бўйича ЎзДЖТУда ташкил этилади», дейди у.

Лойиҳанинг мақсади – етакчиларни инновацион лойиҳалар яратишга ва мураббийликка тайёрлаш, етакчилик, нотиқлик, тайм-менежмент, ижодий ва танқидий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган маҳорат дарси ва тренинглар орқали уларда кўплаб кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш учун халқаро тоифадаги малакали тренерлар жалб қилинган. Лойиҳа ва тренерлар гуруҳи ҳақидаги батафсил маълумотларни Facebook ижтимоий тармоғидаги Yoshlar uchun - YU​ саҳифасида кузатиб бориш мумкин.