Хорижий валютадаги талаблар сўмга қайта ҳисобланди

Иқтисодиёт 13 Октябрь 2017 65210

Президентнинг 29.09.2017 йилдаги ПФ–5197-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ–5177-сон Фармонига биноан товарлар, ишлар ва хизматлар учун нархлар ва тарифлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталларига минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланади. Шунингдек, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар фақат сўмда ундирилади (консуллик йиғимларидан ташқари).
 
Шу муносабат билан амалдаги қатор ҳужжатларга ўзгаришлар киритилди.

Айтиш жоизки, пахта толасини қайта ишловчи барча ташкилотлар энди уни миллий валютада харид қилишади. Бундан ташқари, ТДЮУ бакалавриатида таҳсил олаётган хорижликлар контрактлари сўмда тўланади.

Президентнинг 2.12.2016 йилдаги ПФ–4861-сон Фармонидан меҳмонхона хизматлари учун ЭКВда ҳақ тўлаш ҳақидаги шартлар чиқариб ташланди. Бундан келиб чиқадики, меҳмонхоналар ва бошқа жойлашиш жойларида хизматлар учун тўлов миллий валютада ёки халқаро тўлов карталари воситасида ҳам қабул қилинади.

Аввал «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхоналарига тақдим этилган ички бозорда тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини ЭКВга харид қилиш ҳуқуқи  бекор қилинди. Аммо уларни харид қилганда ҚҚСнинг «ноль» ставкаси 1.01.2020 йилгача амал қилади.

Тузатишлар 30.09.2017 йилдан кучга кирди.