Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачининг дастлабки хулосалари эълон қилинди

Ўзбекистон 13 Октябрь 2017 17767

12 октябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифи якунланиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказди. Унинг сафари якуни бўйича дастлабки хулосаси ташкилот сайтига жойлаштирилди. Унинг қисқача мазмуни билан қуйида танишиш мумкин.

“2017 йил 2-12 октябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси сифатида Ўзбекистон Республикасида бўлдим”, деб бошланади ҳужжат. 

У 2002 йилдан буён бу соҳада таклиф этилган илк махсус маърузачи эканини қайд этар экан мамлакат ҳукуматига уни таклиф қилгани, барча илтимосларини қаноатлантиргани, учрашувлар ташкил этишда кўмак бергани, хусусан Жаслиқ қамоқхонасига ҳам боришга амалий ёрдам бергани учун миннатдорлик билдирган. 

Аҳмад Шаҳид дастлабки хулосалари билан ўртоқлашаётганини билдириб, расмий якуний ҳужжат 2018 йил мартида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 37-сессиясида тақдим этишини маълум қилди. 

Унинг билдиришича, БМТ Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи бўлиши баробарида у нафақат диний таъқиб ёки мажбурлаш масалалари билан шуғулланади. Балки бу тушунча фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлиги (ДЭЭ) кенг маъно касб этади. 

Аҳмад Шаҳид ўз хулосасида даставвал Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни эътироф этади. 

Унинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати ўзгартишлар киритиш ва халқаро ҳамда давлат мажбуриятларига риоя этишга тайёрлигини намойиш этмоқда. Мамлакат парламентининг иккала палаталари кенгашлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма қарор қабул қилди. 

2017 йил июнь ойида Президент қамоқда ушлаш тартибини қайта кўриб чиқди ва камида 16 минг кишини "қора рўйхат" ўчиришга кўрсатма берди. Парламент ва фуқароларга барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини назорат қилиш имконини берувчи "Жамоат назорати тўғрисидаги Қонун қабул қилинган. 

Бутун мамлакат бўйлаб яқинда ташкил этилган Президент Халқ қабулхоналари ҳукуматнинг аҳоли олдида ҳисоб беришини таъминлаш мақсадига хизмат қилади. Таъкидланишича, айни пайтгача (ҳисобот тайёрланган вақт) 1.200.000 га яқин ариза ва мурожаатлар қабул қилинган, уларнинг 80 фоизга яқини, Ҳукумат маълумотларига биноан ҳал қилинган. 

Бундан ташқари, Давлат раҳбари таълим олиш учун барчага тенг имконият тақдим этиш, саводсизликни йўқотиш ва таълим даражаси ва сифатини ошириш зарурлигини эътироф этди. Шу муносабат билан у Самарқандда Имом ал Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилишини эълон қилди.