Денис Истомин «Тошкент Челленжер» турнири финалига чиқолмади

Спорт 13 Октябрь 2017 3987

Тошкент шаҳрида 7 октябрь кунидан эътиборан «Тошкент Челленжер» теннис мусобақаси старт олди.

Соврин жамғармаси 125 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган мазкур турнирда мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин ҳам иштирок этди. 

У «Тошкент Челленжер»ига юқори кайфиятда ташриф буюрганди. Денис Истомин икки ҳафта олдин Хитойнинг Чэнду шаҳрида ўтказилган нуфузли турнирда бош мукофотни қўлга киритган ва бунинг натижасида дунё рейтингида 25 поғонага кўтарилиб, 53-ўринга жойлашганди.

Тошкент турнирида биринчи ракетка ҳисобланган Истомин ватандоши Фаррух Дўстовни 2:1, босниялик Алдин Шеткични 2:0, беларуслик Владимир Игнатикни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб яримфиналгача етиб келди. 

Ярим финалда у испаниялик теннисчи, турнирнинг 4-ракеткаси Гильерме Гарсия-Лопес қаршилигини синдира олмади.  

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги турнирда Истомин финалга қадар етиб бориб, россиялик Константин Кравчукка 5:7, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир вице-чемпионига айланганди. Таъкидлаш жоизки, Денис 2011 ва 2015 йилларда ушбу турнирнинг бош мукофоти соҳибига айланган.

Энди мусобақа финалида Гильерме Гарсия-Лопес польшалик теннисчи Камил Майчрзак билан беллашади.

Теннис, «Тошкент Челленжер» турнири, эркаклар якка баҳси
Очиқ кортлар, ҳард
Мукофот жамғармаси - 125 000 $
13 октябрь, 2017 йил
Яримфинал
Денис Истомин (Ўзбекистон) - Гильерме Гарсия-Лопес (Испания) - 6:7 (5:7), 4:6