БМТ: дунёда 815 млн одам оч қолмоқда

Жаҳон 13 Октябрь 2017 5662

Сайёрамизда оч қолаётганлар ва очликни ҳис қилаётганлар сони 815 млн кишига етган. Уларнинг 60 фоизи қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларда истиқомат қилади. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот Хавфсизлик кенгаши мажлисида маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 80 фоизга яқин маблағи жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудлар аҳолисига ёрдам кўрсатишга сарфланади. 

“Болаларнинг ¾ қисми можаролар гирдобида қолган мамлакатларда кун кечиради. Улар ақлий ривожланишда ортда қолган. Бу можароларга барҳам берилмас ҳамда ушбу давлатларни ривожлантириш жараёнлари бошланмас экан, жамоалар ва бутун бир минтақалар очлик ва азобни ҳис қилаверади”, - деган бош котиб. 

У ўз маърузасида Яман, Нигерия шимооли-шарқи, Сомали ва Жанубий Судандаги вазиятга батафсил тўхталди. Гутерришнинг ёдга олишича, 9 ой муқаддам мазкур минтақаларда 20 млн киши очликдан ҳалок бўлиш хавфи остида қолган. Халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан кўрган чоралари натижасида бунинг олди олинган.