Тожикистон Ўзбекистонга таклиф билан чиқди

Ўзбекистон 12 Октябрь 2017 48850

Тожикистон Ўзбекистонга ягона қўшма бренд остида янги бозорларга чиқишни таклиф қилмоқда, дея хабар берди маҳаллий ОАВ.

Тожикистон Савдо-саноат палатаси раиси Шариф Саиднинг айтишича, бу икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорликда муваффақиятга эришишига имкон беради. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда кўрсаткичларнинг ўсиш динамикасига қарамасдан, мамлакатлар ўртасида икки томонлама савдо ҳажми қониқарли эмас.

«Мақсадимизга эришиш учун биз электрон тижорат, лизинг, қўшма инновацион ишлаб чиқаришларни яратиш каби замонавий усуллардан фойдаланишимиз, ва шу орқали «Тожикистон-Ўзбекистон» қўшма бренди остида бошқа мамлакатлар бозорларига киришимиз мумкин. Биз мавжуд бўлган эркин иқтисодий зоналарнинг афзалликлари ва имтиёзларидан ҳам фойдалана оламиз» - дея таъкидлаб ўтди Тожикистон Савдо-саноат палатаси раиси Тошкентдаги бизнес-форумда. 

Унинг билдиришича, ўзбек тадбиркорлари бу имкониятлардан фойдаланиб, Тожикистондаги улушлари ва инвестициявий фаолликларини сезиларли даражада оширишлари мумкин.

Ўзбекистонда бугунги кунда Тожикистон капитали иштирокида 24 корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан бири – 100 фоизлик хорижий инвестицияларга эга. Ўз навбатида Тожикистон ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 9 корхона ташкил этилган. Жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон-Тожикистон савдо ҳажми 178,2 миллион долларга тенг бўлди.