SpaceX янги сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди

Технология 12 Октябрь 2017 2595

АҚШнинг SpaceX компанияси иккиламчи мақсаддаги SES-11/EchoStar 105 телекоммуникацион сунъий йўлдошига эга Falcon 9 ракета-ташувчисини учирди. Бу ҳақда компания Twitter’да хабар берган.

Falcon 9 ракета-ташувчиси Канаверал бурунидаги космодромдан учирилди. Парвозга чиққанидан сўнг ажратган биринчи поғона сузувчи платформага хавфсиз тарзда тушган. Ушбу поғона шу йилнинг февраль ойида ХКСга старт олган фазовий юк кемасини ишга тушириш чоғида компания томонидан фойдаланилган.

Ракетанинг учирилиши ва биринчи поғонанинг қўниши SpaceX томонидан жонли эфирда трансляция қилинган. Бошловчининг таъкидлашича, биринчи поғонанинг муваффақиятли қўниши ҳисоб бўйича 18-бўлган.

Янги сунъий йўлдош АҚШнинг EchoStar ва Люксембургнинг SES операторлари томонидан ишлатилади ҳамда Шимолий Америка, Ҳавайи ва Кариб минтақалари ҳамда Мексикани телевизор сигналлар ва алоқа билан таъминлайди.