Россия Тожикистон армиясини нега модернизация қилмоқда?

Жаҳон 12 Октябрь 2017 20716

Бугун Душанбеда бўлиб ўтаётган МДҲ иштирокчи-давлатларининг мудофаа вазирлари Кенгаши йиғилиши доирасида Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу Тожикистон ҳарбий идораси раҳбари, генерал-лейтенант Шерали Мирзо билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда РФ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

«Россия ва Тожикистон ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. Биз ушбу ҳудудда хавфларни камайтириш ва барқарорликни оширишга қаратилган кўплаб қўшма машқларни ўтказмоқдамиз. Табиийки, бунда Тожикистон чегарасида содир бўлаётган барча нарсага эътибор қаратилмоқда. Мен биринчи навбатда Афғонистон ва у ердан беқарор вазият туфайли келаётган таҳдидларни назарда тутмоқдаман. Вазият ўзгариб бормоқда. Ва у яхши томонга ўзгармаяпти», - дея маълум қилди Сергей Шойгу.

«Бундан ташқари, - дея таъкидлаб ўтди Россия мудофаа вазири, - гап Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилишда ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам кетмоқда. Бу ерда катта дастур амалга оширилмоқда, у яхши давом этаяпти. Ўйлайманки, бугун биз ушбу дастурни амалга оширишнинг кейинги босқичларини муҳокама қилишимиз мумкин».

Россия мудофаа вазирининг таъкидлашича, Тожикистон қуролли кучларини мустаҳкамлаш мақсадида республикага Россия қурол-яроғи ва техникаси етказиб берилмоқда. 

«Россия Мудофаа вазирлиги олий ўқув юртларида Тожикистон армияси учун юқори малакали кадрларни беғараз асосда тайёрлаб бермоқдамиз», - дея қўшимча қилди Сергей Шойгу. Унинг сўзларига кўра, Россияда бугунги кунда 560 нафардан ортиқ ҳарбий таҳсил олмоқда.

Шунингдек, Тожикистонда жойлаштирилган Россиянинг 201-ҳарбий базаси таълим фондларида кичик мутахассисларни тайёрлаш бўйича курслар ташкил этилган. Россия Мудофаа вазирлиги қўшма тезкор ва жанговар тайёргарлик тадбирлари сонини кўпайтиришни муҳим, деб ҳисобламоқда.

«Россия ва Тожикистонда, - дея таъкидлаб ўтди Сергей Шойгу, - Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарорликни сақлаш бўйича умумий мақсадлар бор. Вазирликларимиз ўртасидаги алоқаларни шу нуқтаи назардан йўлга қўймоқдамиз. Шу билан бирга, биз ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳаларда ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқдамиз».

Россия ҳарбий идораси раҳбари барча режалар ва мақсадлар бажарилишига ишонч билдирди. Жумладан, Россия ва Тожикистон мудофаа вазирликлари ўртасида 2018 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди.