Равшанбекнинг бир қўлига нима бўлган эди?

Жамият 12 Октябрь 2017 69746

Инсон саломатлиги Яратганнинг неъматидир. Айниқса, бошқалардан бенуқсон бўлиб, қўл-оёғингизнинг бут бўлишининг ўзи бебаҳодир. Орамизда бугун ана шу неъматдан бебаҳра, тақдирида бор бўлган синовли кунларга сабр қилаётган, ҳаётнинг қийинчиликлари билан курашиб келаётганлар кам эмас.

Эндигина 12 ёшни қаршилаган Равшанбек ҳам ана шундай метин иродали болалардан бири. KUN.UZ таҳририятига шу ҳақда мактуб келганидан сўнг биз уни кўргани бордик, унинг оиласи билан суҳбатлашдик.

“Қўли вақти-вақти билан оғриб турибди. Бироқ, дорисини олиб бера олмаяпмиз. Дадаси ногирон одам, уларнинг ҳам ҳозир мазаси йўқ. 2013 йилнинг 20 октябрь куни ўғлимни онамга ташлаб, ишлашга келгандим. Турмуш ўртоғим касал, рўзғорни эса тебратиш керак. Сўнг шундай даҳшатли хабар келди. Ўғлим онам билан бирга цехга борганида ўйнаб, қўлини дастгоҳга тиқиб қўйган. Қўли елкасидан кетган. Ўтган вақт давомида 3 марта жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Ҳозирда суяги ўсиб, операцияга тайёр ҳолда турибди. Энди буни кестирмай турибмиз, сабаби қўл қўйдирсак жарроҳлик амалиётида бирданига қиламиз, деб. Маблағ йўқлиги учун ҳозирча буни қила олмадик. Қўлни Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳлида қўйдириш мумкин экан, ўзимизда бунинг иложи йўқмиш. Ҳамма ҳужжатларимиз тайёр, фақат пул йўқлиги учун бора олмаяпмиз. 

Қилмаган мурожаатим қолмади. Ҳеч қаердан натижа йўқ. Ўзим чойхонада ишлайман, идиш-товоқ юваман. Цехда ҳам ишладим, бироқ соғлиғим тўғри келмади. Қандли диабет хасталигига йўлиққанман. Тўрт нафар фарзандим бор. Ўғлим иккинчиси”, - дейди Равшанбек Алишеровнинг онаси Дилноза Полвонова кўзида ёш билан. 

Равшанбек ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилмоқда. Ҳозирданоқ халқига хизмат қилишни қалбига олий мақсад қилиб тугиб қўйибди. Ниятлари, орзулари осмон бола. 

“Қўлимга нима бўлгани аниқ эсимда йўқ, вақти-вақти билан тушларимга кириб чиқади. Келажакда юрист бўлмоқчиман. Халқимга, одамларга хизматим, ёрдамим тегишини хоҳлайман”, - дейди унинг ўзи. 

Равшанбек айни кунда пойтахт Тошкент шаҳридаги 100-махсус интернет мактабида таҳсил олади. Ота-онасининг ягона орзуси – Равшанбекни даволатиш ва протез қўйиш.

KUN.UZ Равшанбек учун хайрия акциясига старт беради. Азиз дўстлар, ёрдамингизни аяманг!

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Пластик карта орқали: (Click, Payme) 

Агробанк: 8600 0417 3596 5247 – POLVONOVA DILNOZA

Телефон: (+99894) 687 87 09