МХХ Тошкентга кучли таъсирга эга дориларни етказиб берувчилардан бирини қўлга олди

Жамият 12 Октябрь 2017 15429

Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан биргаликда ўтказган махсус тадбирида, кучли таъсир кўрсатувчи, дорихоналарда рецептларсиз берилиши тақиқланган дори воситаларини сотиш билан шуғулланган шахслар гуруҳининг фаолиятига чек қўйилди. Фарғона вилоятида туғилганлар, аввал судланган Зоҳид Масодиқов, унинг онаси, тўрт марта судланган Орзу Масодиқова ва уларнинг шериги Бахтиёр Аҳмедов 1208 та «лирика» ва 1000 та «трамадол» таблеткаларини 14 млн. сўмга сотаётган вақтларида жиноят устида қўлга олиндилар.

Дастлабки тергов давомида аниқланишича, Зоҳид Масодиқов ва Орзу Масодиқова ушбу дори воситаларни Бахтиёр Аҳмедовдан уларни ноқонуний қайта сотиш мақсадида сотиб олганлар. Шу билан бирга, Бахтиёр Аҳмедовнинг ўзи терговчиларни адаштиришга ҳаракат қилиб, яқинда Қўқондан келгани ҳамда бу дориларни Зоҳид Масодиқовнинг илтимосига кўра, Тошкентда яшовчи Темур исмли шахсдан сотиб олганини айтган. Бироқ, тадбир давомида Аҳмедов Тошкентда узоқ вақтдан бери яшаб келгани ҳамда пойтахтга кучли таъсирга эга дориларни етказиб берувчилардан бири эканлиги аниқланди. Миробод туманидаги унинг яшаш жойи кўздан кечирилганда, яна 4 мингта «лирика», 43 та «трамадол» таблеткаси, шунингдек, ноқонуний йўл билан ишлаб топилган 96,9 млн. сўм ҳамда иккита «қора бухгалтерия» дафтари топилди.

Махсус тадбир давомида умумий ҳисобда 5208 та «лирика» ва 1043 та «трамадол» таблеткаси олиб қўйилди. Уларнинг тахминий қиймати 80,2 млн. сўмдан ошади. Сўроқ давомида Бахтиёр Аҳмедов уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга рухсат берадиган препаратларни олиш учун сертификатлар ва бошқа ҳужжатларни тақдим эта олмади.

Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246- ва 251-моддалари билан жиноий иш қўзғатилди.