Ҳайратомуз кашфиёт: Викинглар ислом дини таъсирида бўлганига исбот топилди

Жаҳон 12 Октябрь 2017 30926

Швециялик археологлар 10-асрга мансуб викинглар қабрларида Аллоҳга ҳамду-санолар битилган мато бўлакларини аниқлашди. Олимларнинг айтишича, бу топилма викингларнинг ислом билан яқинлигини кўрсатувчи "ақлбовар қилмас кашфиёт"дир, деб ёзмоқда The Independent нашри.

Дастлаб қабрда топилган шойи мато бўлаклари викингларнинг оддий безаги деб ҳисобланган. Бироқ топилган матолар Уппсала университети археологи Анника Ларссон томондан қайта кўздан кечирилганда, уларга туширилган ёзувлар ўзидан араб ҳаттотлигининг энг қадимий кўриниши бўлган куфий ёзувини акс эттиришини кўрсатган. Ёзувлар эрта ўрта асрларга тегишли иккита алоҳида қабрдаги кийимларда аниқланган, бу эса викингларнинг дафн маросимларига ислом дини кучли таъсир қилганидан дарак беради. Бу қабрлар Бирке ва Уппсала шаҳарларида топилган.

Матоларда Аллоҳга ҳамду-санолар битикларидан ташқари, Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) куёвлари ва издошлари Али ибн Толиб ҳақида эслатмалар ҳам келтирилган.  

Фото : Анники Ларссон

Олиманинг айтишича, бу ёзувлар мусулмон дунёсидан ғарбда топилгани "ҳайратомуздир". Унинг таъкидлашича, қадимий скандинавлар исломнинг ўлимдан кейин жаннатда абадий ҳаёт ҳақидаги ғоялари таъсирида бўлганлар.

Яна бир қизиқ ҳолат шу бўлдики, "Аллоҳ" сўзи аксича ёзилган. Тахмин қилинишича, бу ёзувларни чапдан ўнгга ўқий олиш мақсадида қилинган. 

"Қуръонда жаннатийлар шойидан тикилган кийимларда юришлари ёзилган. Бу эса викинглар қабрларида ёзувлар билан бирга шойи матосининг борлигини тушунтириши мумкин. Бу мато ҳам эркаклар, ҳам аёллар қабрларида бирдек тарқалган", деб айтмоқда олима.

Тахмин қилинишича, ушбу матолар қадимги Эронда ва Ўрта Осиёда тайёрланган.