Тошбақалар Қизил китобга киритиладими?

Lifestyle 11 Октябрь 2017 4955

Болалигимда дала-қирга сайлга чиққанимизда иссиқда инидан ярми чиқиб турган кўплаб тошбақаларга дуч келар, уларни ушламоқчи бўлганимизда дадам раҳматли “Тошбақага тегинма, у жуда хосиятли, аммо инидан узоққа олиб кетсанг ўзининг ва болаларининг уволига қоласан” деб койирдилар. Айнан жониворларга тегмаслик, уларга меҳр кўрсатиш, ҳар бир ўт-ўлан, тирик жонзотнинг уволига қолишдан қўрқиш бир умр қалбимда муҳрланиб қолган бўлса ажаб эмас. Жорий йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманига қилган сафаримда қир-адирларда деярли тошбақа учратмадим. Ҳайрон бўлиб, ҳамроҳимиз Бердиқул Умаровга юзланганимизда, “тошбақалар ҳозир яхшигина бизнесга айланганини, уларни узоқ-яқиндан келган “тадбиркорлар” териб кетаётганини” айтди. Наҳотки келажакда фарзандларимиз тошбақаларни фақатгина ҳайвонот боғлари-ю, эртак китоблардаги суратлар орқали кўрса?

- Ўзбекистонда дашт тошбақаси  экспорт қилишга рухсат этилган жониворлардан бири ҳисобланади, дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг катта илмий ходими, биологик фанлар номзоди Эмилия Вашетко. - Тошбақаларни АҚШ, Европа, Япониянинг зоодўконлари ҳамда ресторанлари харид қилишади. Айтиш жоизки, маълум катталикдаги жониворлар тутилиб экспортга олиб чиқилади, инларидаги тухумлар йиғиб кетилади. Асосан Навоий, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳудудларидаги кўплаб тошбақалар териб кетилмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида тошбақалар сони кескин камайгани сабабли Қозоғистон 2003, Тожикистон 2009 йилдан уларнинг экспортини тақиқланган. Ўзбекистонда эса бу жараён ҳануз давом этмоқда. Масалан,  2000 йилда 3500 та тошбақа ташқарига олиб чиқиб кетилган бўлса, 2015 йилда уларнинг сони 50 мингтага етди.

Шунингдек, питомникларда ўстириладиган тошбақалар экспорти эса 2003 йилда 5 мингта, 2015 йилда 45 минг донани ташкил этди. Энг ёмони, юқорида қайд этилганидек, маълум кичикрок ҳажмдаги тошбақалар экспортга йўналтирилади. Эркак тошбақаларнинг ҳажми урғочисиникидан  кичикроқ бўлганлиги сабабли, қонуний ва ноқонуний савдо тўрига айнан улар тушади. Оқибатда фақатгина урғочи тошбақаларнинг қолиши уларнинг кескин камайига сабаб бўлди. “Қуш бозорлари”да табиат қўйнидан ноқонуний териб келиниб сотаётган “тижоратчи”ларга ҳам кескин чоралар кўриш вақти етди. Чунки жониворларнинг кўпчилиги ёш болалар овунчоғига айланиб, нотўғри боқилиши оқибатида ҳалок бўлади.  Айни пайтда Ўрта Осиё тошбақасини Ўзбекистон Қизил Китобига зудлик билан киритиб, унинг экспортини тақиқлаш, тошбақаларни яшаш ҳудудлари браконьерлардан муҳофаза қилиш зарур. Бунинг учун ҳозир ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, жонивор Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги Конвенциянинг иккинчи иловасига ва халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига йўқолиб бораётган ҳайвон тури сифатида киритилган,

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ҳудудининг 18%га яқинини инсон томонидан ўзгартирилган ландшафтлар ташкил қилади. Ҳудуднинг интенсив ўзлаштирилиши ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг камбағаллашуви, ноёб тўқай, чўл ва тоғ экотизимларининг йўқ қилиниши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, чўлланиш, Орол денгизининг экологик фалокати каби салбий оқибатларга олиб келди.   Ўзбекистон флора ва фаунасининг кўплаб турларининг сони ва тарқалиш майдони кескин қисқарди, уларнинг айримлари бутунлай йўқолиб кетди. Овлаш объектлари бўлган йирик сут эмизувчилар ва қушлар ҳамда фақатгина маълум тор яшаш жойларига боғлиқ бўлган эндемик ва реликт ўсимликлар энг катта хавф остида қолмоқда. Охирги 100 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида турон йўлбарси, гепард, қулон, орол сулаймонбалиғи ва 18 тур ўсимлик йўқолди. Илвирс (тоғ қоплони), қорақулоқ, қоплон каби йирик йиртқичлар йўқолиш арафасидадир. Силовсин, оқ тирноқли айиқ, бурама шохли эчки, бухоро қўйи, Қизилқум архари, сайғоқ ва жайрон жуда кам учрайдиган бўлиб қолди. Яқин кунларда Ўзбекистон Қизил китобига яна бир жонивор тури, оддий дашт тошбақаси киритилади.

Дашт тошбақасининг косаси унча катта бўлмаган, юмалоқ, сариқ-жигарранг тусда. Уларнинг халқаларига қараб, тошбақа ёввойи табиат қўйнида ўсганми ёки тутқинликда, аниқласа бўлади. Чунки табиат қўйнида яшаган тошбақалар косасидаги халқаларнинг ораси кенг, тутқунликдагисиники тор бўлади. Тошбақанинг узунлиги одатда 15-20 см. бўлиб, мода тошбақа нардан анча каттадир. Ўрта Осиё тошбақасининг олдинги оёқларида 4 та бармоқлари,  орқа оёқларида эса ўсимталар бор. Тошбақалар умри давомида ўсади ва жинсий етукликка 10 йилда етишади.  Тошбақаларнинг кўпайиши учун бир хил ёшдаги жониворлар зарур. Агарда тошбақанинг думи узунроқ ва кенгроқ бўлса у эркак,  қисқа ва япалоқ бўлса урғочи бўлади. Тошбақалар февралдан август ойигача кўпайишади. Мода тошбақа 2 тадан 6 тагача тухум қўяди. Инкубация 28-30°С  ҳароратда 60-65  кун давом этади. Ҳаво совуқроқ бўлса тухумлардан эркак, иссиқроқ бўлса урғочи тошбақалар ёриб чиқади”, дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтининг кичик илмий ходими Тимур Абдураупов.

Олимларнинг фикрича,  табиатда тошбақаларнинг ўзига хос ўрни бор. Улар бошқа жониворлар сингари озиқ занжирининг муҳим бўғинидан биридир. Унинг инсон ҳаётидаги ўрнини эса қадимдан кузатиш мумкин. Одамлар тошбақаларнинг гўштини истеъмол қилиб, косасидан уй-рўзғор буюмларини ясашган. Тошбақалар энг қадимги жониворлардан биридир. Улар икки миллион йил илгари пайдо бўлиб, ҳозиргача ташқи кўриниши деярли ўзармаган. Илк пайдо бўлган даврларда Ер юзида уларнинг 20 дан ортиқ тури яшаган бўлса, ҳозир сайёрамизда тошбақанинг 14 та тури мавжуд.  Ўрта Осиё тошбақаси табиатда дашт ўсимликлари, мевалар, сабзавот ва полиз экинлари билан озиқланишади. Улар якка ҳода яшаб, фақатгина қўшилиш учун ўзларига ёр излашади.  

Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка асосан бир дона тошбақани ушлаб сотганлик учун  Ўзбекистон Республикаси фуқаросига энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида, хорижий давлат фуқароси учун эса 100 АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган. Жониворлар популяциясини тиклаш, фарзандларимиз фақатгина террариумларда эмас, ёввойи табиат қўйнида яйраётган тошбақаларни кўришлари учун Ўзбекистонда тошбақаларни кўпайтириш питомниклар  сонини ошириш лозим. Уларнинг бир қисмини тижорат мақсадида фойдаланилса, иккинчи қисмини табиат қўйнига қўйиб юбориш зарур. Шунингдек, тошбақаларнинг ноқонуний савдоси ва уларни ушлаш борасидаги жазо  чораларини  қатъийлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Наргис ҚОСИМОВА