Канадада дронлар воситасида етказиб бериш хизматининг синови бошланади

Технология 11 Октябрь 2017 2434

Канадада дронлар ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи галда зарур бўлган буюмларни етазиб бериш йўлга қўйилади. Бу хизмат асосан мамлакатнинг автотранспортда бориш қийин бўлган шимолий ҳудудларида жорий этилади, деб хабар қилмоқда Fortune журнали.

Нашрнинг ёзишича, Drone Delivery Canada компанияси тижорий юкларни Канада шимолига дронларда етказиб бериш учун лицензия олган. Квадрокоптерлар бир ой мобайнида Американинг тубжой аҳолиси Moose Cree First Nation қўрғонлари жойлашган ерлар устидан учади. Ҳудуд Торонтодан 708 км узоқликда жойлашган. 

«У ерда деярли йўллар йўқ, шу боисдан ҳам бориш қиммат ва бошоғриқ, — дейди DDC директори Тони Ди Бенедетто. — Иккита қўрғон дарё билан иккига ажралган, унисидан бунисига келиш учун сув таксисини ёллаш керак».

Бу ерларга почта ва зарурий буюмларни етказиб бериш жуда қийин. Масалан, стандарт идишдаги ошхона ювиш воситаси маҳаллий аҳолига 30-40 долларга тушади. Сут ва тез бузиладиган маҳсулотлар 2 марта қимматдир. Қишда маҳаллий аҳоли музлаган дарё устидан фойдаланади, аммо глобал иқлим исиши буни ҳам хавфли сафарга айлантирмоқда. Вертолётда парвоз қилиш соатига 1800 долларга айланади. 

Логистика билан боғлиқ муаммони ҳал этиш мақсадида дронлар ёрдамида «ҳаво йўли» ташкил этиш режалаштирилмоқда. УУҚни йўналишнинг икки томонида ҳам назорат қилишади ва қувватлашади. Кейинчалик, фақат диспетчерлар кузатувида бўладиган муқобил парвозларни ҳам йўлга қўйиш мумкин. Ҳозирча, DDC бошқармадан дронларнинг тест парвозларига рухсат олди, холос. 

Даставвал компания 4,5 кггача бўлган юкни 80 кмгача масофага элта оладиган кичик дронларни синайди. Шундан сўнг, йирикроқ УУҚлардан фойдаланиш бошланади. 

DDC компаниясининг энг йирик дрони, таъкидланишича, 1500 кг юкни кўтариб, 15 соат мобайнида уча олади. Тизим 12 кмгача баландликдаги УУҚни назорат қилиши мумкин. Аммо тижорат мақсадидаги дронлар 150-450 метр баландликкача кўтарилиши мумкин.
 
Швейцария эса, шу йилнинг охиригача тиббий дронлар расман фаолият кўрсатишни бошлайдиган дунёнинг илк мамлакати бўлади.