ОАВ хатолик туфайли Google ва Apple бирлашиши ҳақида хабар тарқатди

Технология 11 Октябрь 2017 1488

10 октябрь куни, Dow Jones компаниясининг хабарлар лентасида, Google ва Apple корпорацияларининг бирлашиши тўғрисида бир неча хабар пайдо бўлди.

Улардан бирида, Google компанияси Apple'ни 9 миллиард долларга харид қилиши ва бу ҳақда Стив Жобс васият қилгани ҳақида айтилганди.

«Албатта Google компанияси Apple'нинг ажойиб қароргоҳига кўчиб ўтади», деган мисралар бор эди бу хабарлардан бирида.

9to5mac нашрининг хабарига кўра, бу хабарлар нашр этилиши натижасида Apple акцияларининг нархи 155 доллардан 158 долларга кўтарилган, аммо кейинчалик яна пасайган.

Охир оқибатда, бу хабарларнинг барчаси ўчириб юборилди. Dow Jones эса улар техник хато туфайли эълон қилинганини билдириб, узр сўради.

Эслатиб ўтамиз, Apple ва Alphabet (Google'нинг бош компанияси) дунёдаги энг қиммат компаниялар ҳисобланади. Apple'нинг нархи 800 миллиард доллардан ошади, Alphabet'ники эса 677 миллиард долларга тенг.