Чили терма жамоаси ФИФАга қилган шикояти туфайли жаҳон чемпионатига чиқолмади

Спорт 11 Октябрь 2017 10908

Чили ҳозирча ЖЧ-2018 саралашининг энг омадсиз терма жамоаси бўлиб турибди.

Жанубий Американинг амалдаги чемпиони саралаш гуруҳида 6-ўринни эгаллади ва 5-ўринни эгаллаган Перу билан бир хил очко тўплади. Аммо «Ла Роха» қўшимча кўрсаткичлар бўйича кейинги босқичга чиқолмади.

Вазиятнинг кулгили томони шундаки, Чили терма жамоаси Перудан ўзиб кетиб, плей-оффга чиқиши мумкин эди, агар Боливия устидан ФИФА ташкилотига арз қилмаганида!

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрь ойида ФИФА Боливия терма жамоасига Перу (2:0) ва Чилига (0:0) қарши ўйинларда 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзди.

Гап шундаки, бу ўйинларда Боливия терма жамоаси таркибида 33 ёшли ҳимоячи Нелсон Кабрера майдонга тушган. Ваҳоланки, футболчи олдин Парагвай терма жамоасида тўп сурган ва Боливия сафида ўйнаш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Агар Чили терма жамоаси Боливия устидан ФИФА ташкилотига шикоят қилмаганида, Перуни 1 очко ортда қолдириб, 5-ўринни эгаллаган бўларди.