Телефон нега қизийди ва буни қандай бартараф этиш мумкин?

Lifestyle 10 Октябрь 2017 54569

Бироз қизиш — мобил қурилма учун хос ҳолат. Лекин смартфон бот-бот исий бошласа ёки қўлни куйдирар даражада қизиса, албатта чора кўриш керак. Хўш, қизишга нималар сабаб бўлади ва унга қарши қандай чоралар қўллаш керак? «Лайфхакер» бу борада баъзи тавсиялар билан ўртоқлашди.

1. Смарфтондан тўла ҳажмда фойдаланасиз

Уч ўлчамли ўйинлар, видеосъёмка ва оғир иловалар процессор ва видеокучайтиргичнинг ҳаддан зиёд кучланишига сабаб бўлади. Натижада қурилма нафақат қизийди, қувватидан ҳам тезда мосуво бўла бошлайди. Бундай эффектга GPS, Wi-Fi, Bluetooth ёки 3G каби навигацион ва тармоқ технологияларидан фаол фойдаланиш ҳам сабаб бўлади.

Нима қилиш керак: Телефонни ортиқча зўриқтирмасликка ҳаракат қилинг. Смартфон совиши учун узоқ ўйинлар орасида, Тармоқдан катта ҳажмдаги файллар юклашда ёки камера ва оғир дастурлар билан ишлашда танаффуслар қилинг. Зарурият бўлмаган чоғда тармоқ ва навигацион модулларни ўчириб қўйинг.

2. Гаджетда ҳали тугалланмаган дастурлар бор

Бир ёки бир неча ўрнатилган иловаларда хатоликлар бор ёки ёмон оптимизация қилинган кодга эга, шу сабабли тизимнинг ресурсларидан оқилона фойдаланилмаяпти. Бундай дастурлар сабаб процессор бесабаб юқори қувват билан ишлаб туради. Натижада кўпроқ иссиқлик ажралиб чиқади ва батарея тезда «ўтиради».

Нима қилиш керак: Қурилмадан барча ортиқча дастурларни ўчириб юборинг. Агар ҳарорат ўйин, видеосервис ёки бошқа ресурс талаб этувчи дастур бўлмаган илова ишга тушганда оша бошласа уни ўчириб, шунга ўхшашроқ бошқаси билан алмаштиринг. Бундан ташқари, баъзи бир дастурларнинг янгиланишига монелик қилманг, чунки одатда янги версияларида хатолар тўғирланган бўлади.

3. Аппаратга ташқи омиллар таъсир кўрсатади

Агар гаджет қуёш нурлари тиғида, чўнтакда, одеёл остида ёки жипс қоплама ичида қолиб кетган бўлса бу ҳам ҳарорат ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Алоҳида олинганда бу омиллар камдан кам ҳолатларда қизишга сабаб бўлади. Лекин улар бирваракайига таъсир қилганда ва сиз аппаратдан фаол фойдалансангиз, хавф сезиларли тарзда кучаяди.

Нима қилиш керак: Смартфонингизни иссиқ ҳавода қуёш нурида қолдирманг. Экранни блоклаш функциясини ишга тушириб, камера ёки бошқа иловалар чўнтакда ишга тушишининг  олдини олинг. Агар аппарат фонли режимда каттароқ ҳажмдаги файлни юклаб олаётган бўлса, уни асло чўнтагингизга сола кўрманг. Ўйин ўйнаётганизда телефоннинг совуш учун халақит берувчи қопламасини ечиб қўйганингиз маъқул.

4. Сиз қурилмани нотўғри зарядлайсиз

Бузилган ёки оригинал бўлмайган қувватлаш қурилмасидан фойдаланиш ҳам муаммоларга, жумладан телефоннинг қизишига сабаб бўлади. Агар сизнинг қўлингизда соз ва расмий аксессуар бўлса, зарядлаш вақтида смартфон кучли қизимаслиги керак.

Фақатгина токка уланган смартфонда ўйинлар ўйналса, видео кўрилса ёки Интернетдан файллар юклаб олинаётган ҳолатлар бундан мустасно. Бундай вақтларда сезиларли қизишни сузишингиз мумкин.

Нима қилиш керак: Фақат оригинал кабеллар ва адаптерлардан фойдаланинг. Агар сизнинг зарядлаш қурилмангиз бузилган бўлса, уни алмаштиринг. Электр тармоғига уланган смартфонда файллар юкламанг, ўйинлар ва оғир дастурларни ишга туширмасликка ҳаракат қилинг.

5. Гаджетнинг операцион тизимида муаммолар бор

Қурилманинг ҳарорати ошиши операцион тизим ёки унга боғлиқ дастурлар ишида нуқсон юзага келиши ортидан ҳам содир бўлиши мумкин. Бундан ташқари, вақт ўтиши билан операцион тизимда қолдиқ файллар ва бошқа дастурий чиқиндилар тўпланиб қолади, бу ҳам қизишга сабаб бўлиши мумкин.

Нима қилиш керак: Аввалига қурилмангизни ўчириб қайта ишга туширинг ва операцион тизим сўнгги версиягача янгиланганига ишонч ҳосил қилинг. Агар шунда ҳам ҳеч нарса ўзгармаса, телефонни тозаланг ёки аввалдан муҳим маълумотларни сақлаб қўйиб, завод созламаларига қайтишга ҳаракат қилинг.

6. Аппарат қисми билан нимадир содир бўлган

Юқорида санаб ўтилган ўтилган тавсиялар натижа бермаса, муаммо смартфоннинг аппарат қисми билан боғлиқ бўлиб чиқади. Завод браки ёки жисмоний таъсир натижасида бузилиш ҳам иссиқлик алмашинув бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Нима қилиш керак: Агар шундай ҳолатлар бўлганига шубҳа қилсангиз қурилмани кафолат бўйича дўконга қайтаришга ҳаракат қилинг ёки уни сервис марказига олиб боринг.