Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди

Ўзбекистон 16 Август 2017 22870

Кейинги бир йил ичида юртимизда электрон оммавий ахборот воситалари — Интернет сайтларнинг машҳурлиги ва оммабоплиги жуда ошди. Юртимизда оламшумул ўзгаришлар бўлмоқда, янгиликлар жуда бисёр, буларнинг тезкорлик билан етказишда оммавий ахборот воситалари ичидан айнан интернет сайтлар беминнат тер тўкишмоқда.

Бизнинг сайтимиз — KUN.UZ ҳам тезликда эл оғзига тушди, кўплаб юртдошларимиз бизни ўқишади, бизга ишонишади, мурожаат қилишади, таҳририятимизга кунига 100дан ошиқ хат келиши ҳам фикримизни исботлаб турибди.

Таҳририятимиз ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бормоқда, секин-аста барча вилоятларда ўз мухбирлик тармоқларимизни очишни режалаштирганмиз ва Ўзбекистон бўйлаб ўз мухбирларимиз янгиликларни жўнатиши, жойлардаги фуқароларнинг муаммоларини ёритиб, мутасаддилар эътиборини жалб қилиб, уларни ҳал этишда ёрдам қўлини чўзиш асосий режаларимиздан саналади.

Давлат ташкилотлари ва идоралари ҳам тобора биз билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлашди. Сайтимизда Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда очилган Юридик хизмат минбари ҳам бунга далил. Бундан ташқари, Халқаро пресс клуб билан ҳамкор саналамиз, шунингдек, прокуратура,  ИИБ ва бошқа давлат органлари брифингларида ҳамиша мунтазирмиз.

Лекин бу биз эришмоқчи, мухлислар учун йўлга қўймоқчи бўлган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам эмас. Секин-аста халқимизга энг расмий янгиликларни ҳам тезкорлик билан етказишни мақсад қилганмиз. Шу сабабли ушбу мақола орқали мутасадди шахслар ва идораларга айрим талаб ва таклифлар билан мурожаат қилмоқчимиз.

Маълумки, шу пайтгача юртимизга хориждан расмий ё норасмий делегация ташриф буюрадими, матбуот анжумани ўтказадими, ҳукумат йиғилишлари ўтадими, Президент фармони, қарорлари ёки фармойишлари, Вазирлар маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадими — барчаси ЎзАда ёритилгач, айниқса кечки «Ахборот» дастурида эълон қилиб бўлинганидан сўнгра таҳририятларга тарқатилиб келинган. Жумладан, бизга ҳам.

Айниқса давлат ва ҳукумат даражасидаги анжуманларда қатнашиш учун нафақат хусусий, ҳаттоки давлат ва партия нашрларига ҳам рухсат йўқ. Барчаси ЎзАда эълон қилинади. Ҳамма ЎзАдан кўчириб босади. Яқин яқингача бундай тадбирларда нашрларнинг ўз мухбирлари қатнашиб, репортаж, мақолалар ёзишар эди.

Ҳозир Президент фармонлари ва қарорлари бевосита давлат раҳбарининг расмий сайтида тезкорлик билан эълон қилина бошланди. Бу борада биз каби интернет-сайтлар бироз енгил тин олишди. Тезкорликни давлат раҳбари матбуот хизматининг ўзи бошлаб берди. Лекин қолганлар ҳозирча жим.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Самарқандга зиёрат ташрифини эсга олинг. Бу ташриф ҳақида ЎзА фақатгина кечқурун умумий маълумот бериш билан чекланди. KUN.UZ кун бўйи Туркия телевидениеси орқали жонли эфирга узлуксиз узатилиб турган репортажлар, турк сайтларида эълон қилиб борилган хабарлар асосида материал тайёрлашга мажбур бўлди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб уюштирган турнеси давомида ҳам расмий хабар кечқурун чиққунга қадар Модининг Твиттер аккаунти биз учун бош манба бўлиб хизмат қилиб турди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Самарқандга ташриф буюрганида ҳаттоки қирғиз сайтларидан тезкор хабарларни таржима қилиб ўтирдик.

ЎзАда раҳбар алмашди. Телевидениеда янги «Ўзбекистон 24» телеканали очилди. Балким яқин орада бу борада олдинга силжиш кузатилар — ҳаммаси шунга қараб кетаётгани рост. Лекин биз каби интернет нашрларга ўз ишимизни давлат агентлиги ёки телеканалларига боғлиқ равишда эмас, тўғридан-тўғри амалга ошириш имконияти тақдим этилишини чин дилдан истаймиз.

Ўзингиз ўйланг, давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиз туманлари ва вилоятларга ташрифи ўта сермазмун бўлмоқда. Ёки кунора турли мавзуларда видеоселекторлар ўтказилмоқда. Кейинчалик, орадан кунлар ўтгач, Президент ўша ташрифлар ёки мажлислар давомида ўта муҳим гапларни айтгани ойдинлашади.

Лекин бу ташрифлар ва мажлислар ҳақидаги кадрлар телевидениеда кечикиб, қисқартирилиб берилмоқда — масалан, телевидениедаги ахборот дастурларида 3–4 дақиқали лавҳалар кўринишида. ЎзАда эса жуда қисқача, умумий гаплар билан ёзилган хабар тарзида ёритилади. Боз устига, 8 тилда хабарлар тарқатишига қарамасдан, бу сайтга кунига 4,5–5 минг атрофида одам ташриф буюради.

Қизиқ ҳолат юзага келяпти-да. Давлат ўз нашрларининг обунасини уюштириб беради, таҳририятларни моддий жиҳатдан таъминлайди, ёрдам беради лекин давлат хабарларини ёритишда сусткашлик рўй бермоқда — халқнинг ахборотга бўлган талаби етарлича қондирилмаяпти. Ўзини ўзи тўлиқ таъминловчи мустақил электрон ОАВларга эса ҳамма нарсага ҳам рухсат йўқ.

Албатта, давлат ва ҳукумат йиғилишлари, парламентнинг қуйи ва юқори палаталарида ўтадиган мажлислардан хабар ва репортажлар тайёрлаш, уларни халққа тақдим этиш биз учун ҳам муҳим. Халқимиз ҳам айнан мана шундай хабар ва мақолаларни айрича қизиқиш билан ўқиётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шундай экан, президент иштирокидаги видеоселекторларда сайт вакили ҳам иштирок этиши заруратга айланди. Ҳозирги кунда сайт кичик имкониятлардан фойдаланган ҳолда имкон қадар президентнинг видеоселекторлардаги сўзларини халққа етказиб келмоқда. Лекин имкониятлар чеклангани сабабли бу йиғилишлар кераклича қамраб олинмаяпти. 

Айтиш мумкинки, бундай йиғилишлардан репортажлар президент имижини янада яхшилаб, уни халққа янада яқин қилган бўларди.

15 август куни сайтимизга 500 мингга яқин киши ташриф буюрган. Ижтимоий тармоқлардаги жами ўқувчилар сони бир миллионга яқинлашган. Бу имкониятлардан эса тўла ва самарали фойдаланиш мумкин...

Биламиз, бу билан давлат нашрларининг «нони»га кўз олайтираётгандек бўлаяпмиз. Лекин ахборот асрида яшамоқдамиз, буни унутмаслик керак. Ҳозир бирор ахборотни яшириб, кесиб, қисқартириб, кечиктириб беришдан маъни йўқ. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунимизда ҳам ахборот бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Масалан, Россия Федерациясида ахборот бозори ва унинг маълум бир соҳалари миллий ва хорижий информацион тузилмалар томонидан монополлаштирилиши — давлат сиёсатининг ахборот таъминотига таҳдид сифатида қайд этилган.

Мисол тариқасида Кремлнинг пресс-пули таркибига эътибор қаратсангиз бўлади. Давлат ТВлари, радиолари, нашрлари ва агентликларидан ташқари, хусусий нашрлар ва телеканаллар, ҳаттоки мустақил блогерлар ўрин олганига гувоҳ бўласиз. Вашингтондаги брифингларни мисол келтириб ўтирмай.

Қолаверса, тезкор ахборот алмашинув замонида давлат томонидан барчага тенг шароит яратилиши давлат нашрларимизни ҳам тезкорлик билан ишлашга, ахборот майдонида ҳалол рақобатга киришишга ундайди.

11 августда Президентимизнинг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилди.

Ўйлаймизки, энди бу борада ҳам талаб ва истаклар инобатга олинади ва олдинга силжиш кузатилади. Чунки барчамизнинг мақсадларимиз муштарак — халқимизнинг ахборотга бўлган чанқоғини қондириш.

Шуҳрат Шокиржонов.

KUN.UZ журналисти.

P.S. Шу ўринда яна бир жиҳатни қистириб ўтиб кетишни лозим, деб топдим: вилоятлардаги давлат органлари оммавий ахборот воситалари билан ишлашда ҳали ҳам замондан орқада қолишмоқда.

Прокуратура ва унинг СВВОЖЖДЛҚК департаменти, Мажбурий ижро бюроси, ИИБ (жумладан, унинг ЙҲХ бошқармаси), ДСИ каби идоралар худди пойтахтдагидек зарур ахборотларни халққа етказиш учун ҳафтада бир марта брифинг ўтказишни, ушбу брифингда вилоятдаги раҳбарларнинг шахсан ўзи ойида камида бир марта қатнашиши йўлга қўйилса ушбу идоралар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида кучли алоқа ўрнатилган бўлар эди.