Трамп КХДРга қарши ҳарбий чоралар қўллашга тайёрлигини билдирди

Жаҳон 13 Август 2017 10052

Вашингтон КХДРнинг ядровий таҳдидини бартараф қилиш учун дипломатик ва иқтисодий чоралар билан бир қаторда куч ишлатишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақида АҚШ президенти Дональд Трамп француз ҳамкасби Эммануэль Макрон билан кечган телефон мулоқотида маълум қилди. Оқ уй матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди

Манбага кўра, томонлар Корея ярим оролидаги вазиятни муҳокама қилишган, жумладан, у ердаги беқарорлик хавфи ошганини таъкидлаб, иттифоқдошлар билан ҳамкорликда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Пхеньянга нисбатан қўлланган санкциялар режимига риоя қилишга келишиб олишди.

11 август куни Трамп КХДР етакчисини АҚШнинг Гуамдаги ҳарбий базасига зарба бериш ёки ҳар қандай бошқа агрессиядан огоҳлантирди. "Агар Ким Чен Ин бизга яна бир бор таҳдид қилса ёки АҚШ ҳудудига нисбатан бирор иш бошласа, жуда тез орада бундан афсусланади", - деди у. Шунингдек Оқ уй раҳбари КХДРдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга умид билдирди. 

БМТ Хавфсизлик Кенгаши 5 август куни Пхеньянга нисбатан жиддий санкциялар қўллашга доир резолюцияни қабул қилди. Шимолий Кореяга кўмир, темир, қўрғошин ва денгиз маҳсулотлари экспорти тақиқланди. КХДРнинг  Ташқи савдо банкидаги ҳисоблари музлатилди, Шимолий Кореянинг БМТ резолюциясини бузган денгиз кемаларига барча давлатлар портига кириш тақиқланди. 

КХДРда мамлакатнинг 3,5 миллион аҳолиси Қўшма Штатларга қарши курашиш учун армия сафига кириш истагини билдиргани маълум қилинган.