Пентагон ИШИДнинг 4 нафар қўмондони йўқ қилингани ҳақида хабар берди

Жаҳон 13 Август 2017 5550

Пентагон 10 август куни Афғонистонда амалга оширилган авиазарба натижасида ИШИДнинг тўрт нафар қўмондони йўқ қилинганини маълум қилди

Кобулдаги Америка қўмондонлиги баёнотида шу ҳақида хабар берилди. 

Қўмондонлик маълумотларига кўра, ҳарбий операция натижасида Афғонистоннинг Кунар вилоятида ўзини вилоят амири дея эълон қилган Абдур Раҳмон ҳам йўқ қилинган.

Афғонистондаги АҚШ кучлари қўмондони генерал Жон Николсоннинг сўзларига кўра, жорий йилда Афғонистондаги ИШИД ҳарбийлари устидан ғалаба қозонилади. 

Июль ойида Пентагон Кунарда ИШИДнинг Афғонистондаги раҳбари Абу Саид ва террорчи ташкилотнинг яна бир неча аъзоси  йўқ қилингани ҳақида хабар берганди. 

ИШИД - қатор мамлакатларда фаолияти тақиқланган террорчи гуруҳ.