Кун.uz мухбирининг Андижон вилояти масъулларига берган икки саволи жавобсиз қолди

Жамият 13 Август 2017 29181

Халқаро Пресс-клубнинг “Сайёр Пресс-клуб” лойиҳалари водий вилоятларида давом этмоқда. 12 август куни унинг навбатдаги мажлиси Андижон вилоятида бўлиб ўтди. Сессияда Кун.uz мухбири ҳам бевосита иштирок этиб, саволлар билан мурожаат қилди. 

Хусусан, мухбир Андижондаги “Бўзфарм” корхонаси фаолияти ва “Бўзсув дарёси” МЧЖ билан боғлиқ икки ҳолат бўйича журналистик суриштирув ишларини бошлаганини маълум қилар экан, сессия қатнашчиларининг эътиборини қуйидаги муаммоларга қаратди. 

Жумладан, “Бўзфарм” корхонаси билан боғлиқ ишда ИИБ ходимлари тергов жараёнини асоссиз равишда чўзиб, ишни судга оширишни ортга суриб келмоқда. Терговчи Шавкат Ҳасанов ишни судга ошириш ўрнига 400 млн сўм ортиқча жарима тўлашни талаб қилмоқда. Қизиғи шундаки, буни прокуратура вакиллари назорат қилмаяпти. 

“Бўзсув дарёси” МЧЖ (директори коллеж битирувчиси) билан боғлиқ ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ҳеч қандай далолатнома тузмасдан, огоҳлантирмасдан қарзи бўлмаса ҳам электр манбаидан узиб қўйган. 

Таъкидлаш жоизки, у масалалар бўйича саволлар аниқ ва тушунарли бўлса-да, вилоят ИИБ ва прокуратура вакиллари бу саволларни жавобсиз қолдиришди. 

Бундан ташқари, Қорасув шаҳрини туманга бўйсинувчи шаҳар мақомидан вилоятга бўйсинувчи шаҳар мақомига ўтказиш масаласи ҳамда Андижон туманида “Қобилжон миришкор” фермер хўжалигининг 13 гектар ер майдонидаги ғўза қуриб бораётганига қарамай, унга сув берилмаётганига доир саволлар берилди. 

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов охирги икки саволга жавоб бериб, Қорасув шаҳри мақомини ўзгартириш бўйича таклиф ишлаб чиқилаётгани, бу масала бир кунда ҳал этиладиган мавзу эмаслиги, унга чуқур ёндашган ҳолда эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. 

“Қобилжон миришкор” фермер хўжалиги пахта даласи сувсиз қолаётгани бўйича ҳам сессиянинг ўзида масъулларга кўрсатма берилиб, масала шу куннинг ўзида ҳал этилиши айтилди.