“Чегара билмас шифокорлар” Ўрта ер денгизида муҳожирларни қутқаришдан бош тортди

Жаҳон 13 Август 2017 5381

“Чегара билмас шифокорлар” халқаро ташкилотининг Италиядаги бўлими президенти Лорис де Филиппи ташкилот вакиллари Ўрта ер денгизида муҳожирларни бошқа қутқармасликларини айтди. Унинг айтишича, бу фаолият ташкилот ходимлари ҳаётига хавф солмоқда.

Мисол учун, 2016 йилда Ливия соҳилбўйи қўриқлаш хизмати вакиллари “Чегара билмас шифокорлар” кемалари томон 13 марта ўқ узишган. Де Филиппининг таъкидлашича, ташкилот шифокорлар ҳаётини хатарга қўя олмайди. Ливия ҳукумати ноҳукумат ташкилотларидан мамлакат соҳилбўйидан бир неча юз километрлик ҳудудни тарк этишни талаб қилган.

Бундан ташқари, ташкилот Италия ички ишлар вазирлигидан ноҳукумат ташкилотларига уларнинг ноқонуний муҳожирларни етказиш билан шуғулланувчи контрабандачилар билан ҳамкорлик қилиши ҳақида айбловлар билдирилгандан кейин тузилган ўзини тутиш кодексини имзолаш таклифини олган. Ҳужжатга кўра, Ливия ҳудудий сувларига кириш ва муҳожирларни бошқа кемаларга ўтказиш тақиқланади. Ташкилот ҳужжатни имзолашдан бош тортди.