Сайёҳларга Коксаки вирусидан сақланиш учун тавсиянома чоп этилди

Жамият 12 Август 2017 2744

Россиянинг Роспотребнадзор ташкилоти айни вақтда Туркияда бўлган россиялик сайёҳларга тавсиянома чоп этди. Бунга Туркияда дам олаётганлар ўртасида Коксаки вирусининг тарқалиши сабаб бўлган.

Тавсияларга кўра, биринчи навбатда, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш ва фақатгина қадоқланган ёки қайнатилган сувни ичиш лозим. Шунингдек, сайёҳларга озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли ҳароратда сақлаш, уларнинг яроқлик муддатига эътибор қаратиш, мева, сабзавот ва резаворларни ейишдан олдин яхшилаб ювиш кераклиги эслатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Роспотребнадзор болаларнинг бассейнларга ва меҳмонхоналарнинг бэби-клубларига қўйилишларини чеклашни тавсия қилган.

Роспотребнадзор сайтида чоп этилган тавсияномада Коксаки вирусининг илк аломатлари пайдо бўлиши билан шифокорга учрашиш кераклиги айтилган.

Коксаки вирусининг илк аломатлари қуйидагилардан иборат: юқори тана ҳарорати, кучли титраш, бош оғриғи, кўнгил озиш, диарея.