Хитойнинг энг йирик ижтимоий тармоқлари ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди

Жамият 12 Август 2017 2217

Хитойнинг учта энг йирик ижтимоий тармоғи – WeChat мессенжери, Twitter’нинг хитойча нусхаси — Weibo ва Tieba форуми киберхавфсизлик тўғрисидаги қонуннинг бузилиши бўйича тергов доирасида ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди. Бу ҳақда CGTN телеканали хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ушбу ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи барча уч компания “чуқур афсусда” эканини билдирди ва “тергов доирасида тўла ҳажмда ҳамкорлик қилиш” ниятида эканликларини маълум қилишган. Улар тегишли ўзгаришларни амалга оширишга ҳам тайёр турибди.

Tieba форумига эгалик қилувчи Baidu компанияси бу борада биринчи бўлиб баёнот билан чиқди ҳамда форумдаги маълумотларни текширувдан ўтказишни кучайтиришга ваъда берди.

Tencent Holdings Group (WeChat эгалари) ва Weibo Corp. (шу номдаги ижтимоий тармоқ эгалари) ҳам баёнотлар билан чиқишди, уларда Хитойнинг кибермакон масалалари бўйича бошқармаси билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилган.

Аввалроқ Хитой Киберхавфсизлик маъмурияти мамлакатнинг энг йирик онлайн-платформаларига қарши тергов ишини йўлга қўйгани хабар берилганди.